Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йилига ҳозирги 2,1 млн тоннадан 4,6 млн тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа қиймати 1,8 млрд долларни ташкил этади. Президент Шавкат Мирзиёев завод фаолияти ва уни кенгайтириш режалари бўйича тақдимот билан танишди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Лойиҳа доирасида автобензин ишлаб чиқариш 2,7 млн тоннага, дизель ёқилғиси 1,24 млн тоннага, авиакеросин 500 минг тоннага етказилиши кўзда тутилган. Заводда бензол ва бошқа нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилади.
Лойиҳада Хитой, Франция, АҚШ ва Озарбайжоннинг технология компаниялари билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилган. Қурилиш 2028 йилда бошланиши мўлжалланган. Компаниялар номи, лойиҳа қандай маблағ ҳисобига молиялаштирилиши ва завод қўшимча хомашёни қаердан олиши маълум қилинмади.
Заводда яна бир, 328 млн долларлик лойиҳа ишлаб чиқилган. Унга кўра, Евро-5 экологик стандартига жавоб берадиган AI-92 ва AI-95 бензини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳа йилига 1,1 млн тонна шундай бензин ишлаб чиқариш, импорт қилинадиган ёқилғи қўшимчаларига кетадиган харажатлардан йилига 150 млн долларгача тежаш ва 200 та иш ўрни яратиш имконини беради. Уни 2029 йилнинг иккинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
1997 йилда ишга туширилган заводнинг лойиҳавий қуввати йилига 2,5 млн тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлашга мўлжалланган. Заводда бензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, 3,2 мингдан зиёд киши ишлайди.
Жорий йилнинг тўққиз ойида заводда 1,5 млн тоннадан зиёд хомашё қайта ишланиб, қарийб 1,5 млн тонна нефть маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Соф фойда 2,2 трлн сўмни ташкил этган. Йил якунигача хомашёни қайта ишлаш ҳажмини 2,17 млн тоннага, маҳсулот ишлаб чиқаришни 2,12 млн тоннага етказиш режалаштирилган. Бу лойиҳавий қувватнинг тахминан 87 фоизи демакдир.
Ўзбекистонда нефть қазиб олиш 2010–2025 йилларда 2 млн тоннадан 702 минг тоннагача камайган. Қозоғистон эса бензин ва дизель ёқилғиси экспортига тақиқни яна олти ойга узайтирган.


