Марказий банк 2027–2029 йилларда исломий банкларни пул-кредит сиёсатининг умумий операцион тизимига киритишни режалаштирмоқда. Бу регуляторнинг пул-кредит сиёсати асосий йўналишлари лойиҳасида айтилган.
Ҳужжатга кўра, шариат тамойилларига мувофиқ ликвидликни жалб қилиш ва тақдим этиш, мажбурий захиралар ҳамда гаров таъминоти бўйича ягона ёндашувлар ишлаб чиқилади. Ликвидлик — банкнинг мажбуриятларини ўз вақтида тўлаш учун етарли пул маблағларига эга бўлиши.
Марказий банкнинг банклар билан операциялари фоизга асосланган, шариат эса фоиз олиш ва тўлашни тақиқлайди. Шу сабабли исломий банклар учун алоҳида инструментлар зарур.
Шунингдек, исломий облигациялар чиқариш ва фавқулодда ликвидликни қўллаб-қувватлаш механизмлари ўрганилиб, уларнинг норматив-ҳуқуқий асослари яратилади.
Ушбу чоралар қачон жорий этилиши ҳужжатда кўрсатилмаган.
Октябрь ойида Марказий банк исломий банк фаолияти учун илк лицензияни берганди. Август ойидан банклар ва микромолия ташкилотларига ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириш имконияти берилган.


