Қозоғистон бензин, дизель ёқилғиси ва айрим нефть маҳсулотларини мамлакатдан олиб чиқиш тақиқини яна олти ойга — 2026 йил 22 ноябрдан 2027 йил 22 майгача узайтирди. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазирининг 30 октябрдаги буйруғига таяниб, Zakon.kz хабар берди.
Тақиқ барча давлатларга, жумладан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзоларига экспортга ҳам тааллуқли. Ўзбекистон бу иттифоқ аъзоси эмас, шунинг учун тақиқ Ўзбекистонга экспортга ҳам татбиқ этилади.
Буйруққа кўра:
- Автомобиль транспортида бензин, дизель ёқилғиси ва айрим нефть маҳсулотларини (суртма мойлардан ташқари) олиб чиқиш тақиқланади. Автомобилнинг заводда ўрнатилган ёқилғи бакидаги ёқилғини суткасига кўпи билан бир марта олиб чиқишга рухсат берилади. Илмий синовлар учун авиация ёқилғиси ва ҳукумат қарори билан бериладиган гуманитар ёрдам ҳам истисно ҳисобланади.
- Темир йўл транспортида нефть маҳсулотларини олиб чиқиш тақиқланади. Тасдиқланган етказиб бериш режалари бўйича бензин экспорти ва гуманитар ёрдам бундан мустасно.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан 30 июнгача ЕОИИ божхона ҳудудидан ташқарига енгил дистиллятлар, авиакеросин, дизель ёқилғиси, газойль, толуол, ксилол ва нефть битумини олиб чиқиш ҳам тақиқланади. Бу тақиқ ҳам Ўзбекистонга тааллуқли.
Буйруқ 2026 йил 16 ноябрдан кучга киради.
Қозоғистон бундай тақиқни бир неча марта узайтириб келмоқда. Олдинги тақиқ 2026 йил 21 майдан 21 ноябргача амал қилган эди.


