Миллий статистика қўмитаси 2017–2025 йиллар учун ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ва чораклик кўрсаткичларини қайта ҳисоблади. Натижада 2025 йилги ЯИМнинг жорий нархлардаги ҳажми 1 849,7 трлн сўмдан 2 126,8 трлн сўмга, яъни 277,1 трлн сўм ёки 15 фоизга кўпайди. Бу ҳақда қўмитада ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайта ҳисоблашда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари, корхона ва ташкилотларнинг янгиланган йиллик ҳисоботлари ҳамда такомиллаштирилган статистик кузатувлар маълумотларидан фойдаланилган.
Фарқнинг қарийб 58 фоизи (160,3 трлн сўм) корхона ва ташкилотлар бўйича янгиланган маълумотлар ҳисобига тўғри келди. 29 фоизи (80,4 трлн сўм) қишлоқ хўжалигини, 13,1 фоизи (36,4 трлн сўм) эса аҳолини рўйхатга олиш натижаларидан келиб чиқди.
Қўмита бу қўшимча иқтисодий ўсиш эмаслигини алоҳида таъкидлади. Янгиланган ҳисобда 2025 йилги реал ўсиш суръати 7,8 фоизни ташкил этди, аввалги баҳода бу кўрсаткич 7,7 фоиз эди. Қўмитага кўра, қайта ҳисоблаш бир йилда янги иқтисодий ҳажм пайдо бўлганини эмас, аввалги баҳолар тўлиқроқ маълумотлар асосида аниқлаштирилганини билдиради.
ЯИМ ҳажми ошгани унга нисбатан ҳисобланадиган кўрсаткичларни ҳам ўзгартиради. Масалан, давлат қарзи ёки бюджет тақчиллигининг ЯИМдаги улуши аввалгидан камроқ чиқади.
Ҳисоб-китоблар БМТнинг Миллий ҳисоблар тизими стандартлари ва халқаро экспертлар тавсиялари асосида амалга оширилган.
2017–2024 йиллар учун ЯИМ ҳажми қанчага ўзгаргани ҳали эълон қилинмади.
Август ойида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,32 млрд долларга етгани хабар қилинганди.


