2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш 16,4 фоизга, нефть қазиб олиш эса 1,6 фоизга камайди. Бу пасайиш узоқ муддатли тенденциянинг давоми: Миллий статистика қўмитасининг йиллик маълумотларига кўра, 2010–2025 йилларда нефть қазиб олиш қарийб уч баравар, газ қазиб олиш эса учдан бирга қисқарган.
2010 йилда Ўзбекистонда 2 млн тоннадан ортиқ нефть ва 66 млрд куб метр газ қазиб олинган. 2025 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 702,2 минг тонна ва 42,1 млрд куб метрни ташкил этди.
Қуйидаги жадвалда нефть ва газ қазиб олишнинг йиллик ҳажмлари келтирилган.
| Йил | Нефть, минг тонна | Табиий газ, млрд куб метр |
|---|---|---|
| 2025 | 702,2* | 42,1* |
| 2024 | 713,1 | 41,5 |
| 2023 | 778,3 | 46,7 |
| 2022 | 787,9 | 51,7 |
| 2021 | 774,1 | 53,8 |
| 2020 | 739,4 | 49,8 |
| 2019 | 698,7 | 60,7 |
| 2018 | 745,7 | 61,6 |
| 2017 | 813,6 | 56,6 |
| 2016 | 867,9 | 56,1 |
| 2015 | 1 000,1 | 54,6 |
| 2014 | 1 031,3 | 54,2 |
| 2013 | 1 279,8 | 58,3 |
| 2012 | 1 571,7 | 61,5 |
| 2011 | 1 901,6 | 63,0 |
| 2010 | 2 017,9 | 66,0 |
* 2025 йил — дастлабки маълумот. Манба: Миллий статистика қўмитаси (нефть, газ).
Нефть қазиб олишда энг кескин пасайиш 2010-йилларнинг биринчи ярмида кузатилган: 2010–2015 йилларда ҳажм икки баравар камайиб, 1 млн тоннага тушган. Энг паст даража 2019 йилда — 698,7 минг тонна қайд этилган. 2019–2022 йилларда қазиб олиш 12,8 фоизга ошиб, 787,9 минг тоннага етди, бироқ кейинги уч йилда у яна кетма-кет камайди ва 2025 йилда 2019 йилги даражага яқинлашди.
Газ қазиб олиш эса тўлқинсимон ўзгарган. 2010–2014 йилларда у 54,2 млрд куб метргача камайган, кейин ўсиб, 2018 йилда 61,6 млрд куб метрга етган. 2020 йилда қазиб олиш бир йилда 18 фоизга қисқарди.
Маълумотларга кўра, 2021 йилдаги қисқа ўсишдан кейин у уч йил кетма-кет камайиб, 2024 йилда 41,5 млрд куб метр билан 15 йилдаги энг паст даражага тушди. 2025 йилда газ қазиб олиш 1,4 фоизга ошди, бироқ 2018 йилга нисбатан 31,6 фоиз кам бўлиб қолди.
Қўмита нефть ва газ қазиб олиш камайиши сабабларини изоҳламаган. 2026 йилги тўққиз ойлик маълумотлар фақат йирик корхоналарни қамрайди, шунинг учун улар йиллик кўрсаткичлар билан бевосита солиштирилмайди.


