Hyundai Motor раҳбарияти ва компания ишчилари касаба уюшмаси 11 июль куни Жанубий Кореяда электромобиллар ишлаб чиқарувчи завод қуришга келишиб олди. Бу ҳақда Reuters нашри хабар бермоқда.
Бу компаниянинг 1996 йилдан бери мамлакатда қурадиган биринчи заводи бўлади. Завод қурилиши келаси йили бошланиши режалаштирилмоқда, биринчи электромобиль эса 2025 йилда конвейердан чиқиши кутиляпти.
Шу билан бирга, Hyundai мавжуд ишлаб чиқариш линияларини янгилаш ва айрим моделларни ишлаб чиқаришни янги заводга ўтказишни мақсад қилган.
Май ойида автоконцерн 2025 йил охиригача Жанубий Кореядаги ишлаб чиқаришга 63 триллион вон (тахминан 48 миллиард доллар) сармоя киритиш ниятида эканини маълум қилган эди.
Компания Кореяда электромобиллар ишлаб чиқаришни йилига 1,4 миллион донага етказмоқчи.


