Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 12ноябр · Пайшанба
USD 11 964,27 ▼ −9,75 EUR 13 323,41 ▼ −109,05 RUB 144,49 ▼ −0,09 GBP 15 924,44 ▼ −151,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Божхона: 2022 йилда расман 2 дона iPhone олиб кирилган, бу йил 10 ойда — 533 минг

Божхона қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонга расман импорт қилинган iPhone’лар сони 2022 йилда атиги 2 дона, 2024 йилда 12 минг, 2025 йилда 260 минг бўлган. 2026 йилнинг 10 ойида эса 533 минг дона iPhone божхона тўловлари тўланиб олиб кирилган.

iPhone смартфони орқа томондан
Иллюстратив фото. Фото: ubeyonroad / Unsplash

2026 йилнинг 10 ойида Ўзбекистонга 533 минг дона iPhone расман, божхона тўловлари тўланган ҳолда олиб кирилган. 2022 йилда бу кўрсаткич атиги 2 донани ташкил этган. Бу ҳақда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов 11 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Dinor.uz мухбири.

Олимжонов келтирган маълумотларга кўра, расмий импорт қилинган iPhone’лар сони 2024 йилда 12 мингтага, 2025 йилда 260 мингтага етган. Яъни 2025 йилда ўтган йилга нисбатан 21 баравардан кўп iPhone олиб кирилган. Жорий йилнинг 10 ойидаги кўрсаткич эса 2025 йилнинг тўлиқ йилидагидан икки баравар кўп.

Мансабдорнинг фикрича, илгариги паст рақамлар телефонларнинг аксарияти норасмий йўллар билан кириб келганини кўрсатади.

«2022 йилда бутун бошли Ўзбекистонга атиги 2 дона iPhone кириб келди, қонуний импорт қилинди, деса ким ишонади? Бу қанчалик телефонлар турли йўллар билан кириб келганини кўрсатяпти», — деди Олимжонов.

«Ҳамма ўша 2022 йилда ҳам, 2024 йилда ҳам, 2025 йилда ҳам iPhone’дан фойдаланарди. Лекин норасмий олиб киришга бўлган уриниш айнан шу қурилмада кузатилди. Шу сабабли айнан шу қурилмада бизда муаммолар кўплаб учради», — деди у.

Олимжоновга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга жами 4,6 млн дона мобил қурилма импорт қилинган, бу 2024 йилга нисбатан 200 минг донага кўп.

Шу билан бирга, бошқарма бошлиғи айрим муаммолар ҳали ҳам сақланиб қолаётганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, божсиз олиб кириш меъёридан фойдаланиш учун IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмаларнинг идентификаторларидан фойдаланиш, бир қурилма маълумотлари билан бошқасини қонунийлаштириш ҳамда аввал рўйхатдан ўтган қурилмалардан фойдаланиш каби схемаларни фош этиш «жуда ҳам қийин кечмоқда».

Олдинроқ Олимжонов Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлгач, телефонлар учун божхона божи 0 фоизга туширилиши мумкинлигини айтганди. У IMEI тизими бекор қилинса, фирибгарлик учун йўл очилишини ҳам таъкидлаганди.