Ўзбекистонда умумий инфляция 2027 йилнинг иккинчи ярмида 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайиши, 2028–2029 йилларда эса шу атрофда барқарорлашиши кутилмоқда. Бу Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатининг 2027–2029 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари лойиҳасида келтирилган. Ҳужжат регулятор бошқарувининг 4 ноябрдаги йиғилишида тасдиқланиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Прогнозга кўра, базавий инфляция 2027 йилда 4–5 фоизгача пасаяди. Базавий инфляция — нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган ва мавсумий ўзгарадиган товарлар ҳисобга олинмаган кўрсаткич.
Иқтисодий ўсиш 2027 йилда 7–7,5 фоиз, 2028–2029 йилларда 6,5–7,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Марказий банк 2026–2027 йилларда қатъий пул-кредит шароитларини сақлашни режалаштирмоқда. 2027 йилда UZONIA ставкаси реал ҳисобда 6–7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. UZONIA — банклараро бозорда бир кунлик кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси, реал ставка эса ундан инфляция айирилгандаги кўрсаткич. Регулятор фикрича, бундай шароит сўмда жамғаришга рағбатни сақлайди ва кредит ҳамда ички талаб ўсишини мувозанатлаштиради.
Пул-кредит шароитларини юмшатиш инфляция мақсад атрофида барқарорлашгандагина кўриб чиқилади. Инфляцион босим кучайса, қатъий шароитлар узоқроқ сақланиши мумкин.
Прогнозда геосиёсий можаролар фаол босқичдан чиқиши, нефть нархлари аста-секин пасайиши ва пул ўтказмалари ўсиши кутилган. Умумий фискал тақчиллик ЯИМнинг 3 фоизи атрофида сақланиши, тартибга солинадиган нархлар ислоҳоти режа доирасида якунланиши ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёни якунланиши ҳам ҳисобга олинган.
Регулятор инфляцияни прогноздан юқорилатиши мумкин бўлган хатарларни ҳам санаб ўтди. Булар нефть нархлари ошиши, асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг сезиларли қадрсизланиши, жаҳон озиқ-овқат нархлари ўсиши тезлашиши ва банклар ўртасидаги рақобат ҳисобига кредитлашнинг жадаллашуви.
Олдинроқ Марказий банк 2026 йил якунида инфляция 7 фоиз атрофида бўлишини маълум қилганди. Сентябрда йиллик инфляция 6,4 фоизни ташкил этган, асосий ставка эса 14 фоиз даражасида сақланмоқда.


