Ўзбекистонда 2026 йил октябрда бензиннинг ўртача истеъмол нархи 2025 йил октябрига нисбатан 19,5 фоиз, пропан 44,7 фоиз, метан эса 10 фоиз ошган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси 5 ноябрда эълон қилган истеъмол нархлари индекси бўйича пресс-релизда маълум қилинди.
Бир ой ичида бензин ўртача 1 фоиз қимматлашган. Бунда AI-92 0,5 фоиз, AI-95 2,6 фоиз, AI-98 ва AI-100 эса 5,3 фоиз ошган. Пропан нархи ой давомида 0,4 фоиз кўтарилган, метан нархи ўзгармаган.
Қўмита нархларни солиқ органлари базасидан олинган 1–25 октябрь маълумотлари асосида ҳисоблаган. Бензин нархи 858 та шохобча бўйича 29 245 та, пропан 368 та шохобча бўйича 8 464 та, метан 570 та шохобча бўйича 14 284 та нарх асосида аниқланган. Ушбу маълумотларга кўра, бир литр бензин нархи ёқилғи қуйиш шохобчасига қараб қуйидагича бўлган:
- AI-92 — 10 500 сўмдан 18 000 сўмгача;
- AI-95 — 13 500 сўмдан 21 500 сўмгача;
- AI-98 ва AI-100 — 16 500 сўмдан 28 000 сўмгача.
Пропаннинг энг юқори нархи литрига 10 000 сўмни ташкил этган.
Октябрдан Тошкентда янги тарифлар жорий этилгани сабабли метро ва шаҳар автобусларида йўл ҳақи бир ойда 26,1 фоиз ошган. Шу туфайли республика бўйича шаҳар автобусларида йўл ҳақи ўртача 7,1 фоиз кўтарилган. Таксида йўл ҳақи ўртача 1,3 фоиз, Тошкентда эса 2,5 фоиз қимматлашган.
Темир йўлда шаҳар атрофи поездларида йўл ҳақи бир ойда 1,4 фоиз (бир йилда 8,8 фоиз), узоқ масофали поездларда 0,6 фоиз (бир йилда 12,5 фоиз) ошган. Ички авиақатновлар эса сўмнинг еврога нисбатан мустаҳкамланиши натижасида 1,4 фоиз арзонлашган, бир йилда 4,9 фоиз пасайган. Халқаро рейслар 0,7 фоиз қимматлашган.
Олдинроқ сентябрда пропан нархи икки кун ичида 65 фоизга ошгани, Тошкентда автобус ва метрода йўл ҳақи оширилиши хабар қилинганди.


