2026 йил сентябрда Ўзбекистонда ойлик инфляция даражаси 0,7 фоизни (августда 0,2 фоиз эди), йиллик нархлар ўсиши эса 6,4 фоизни ташкил этди.
Нархи ошган озиқ-овқат маҳсулотлари
Статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган ойда қуйидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашган:
- гуруч — 1 фоиз;
- гречка — 1,1 фоиз;
- тухум — 5,3 фоиз;
- суякли мол гўшти — 1,7 фоиз;
- қўй гўшти — 1,3 фоиз;
- суяксиз мол гўшти — 1,1 фоиз;
- товуқ гўшти — 1,2 фоиз;
- хом ва қаймоғи олинмаган сут — 0,8 фоиз.
Мавсумий омил мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг ўзгаришига таъсир кўрсатган. Сентябрда помидор қарийб 14,2 фоизга, бодринг 13,5 фоизга қимматлашган. Ўз навбатида яна қуйидагилар нархи ошган:
- сабзи — 12,4 фоиз;
- бақлажон — 4,7 фоиз;
- булғор қалампири — 4,9 фоиз;
- пиёз — 2,6 фоиз.
Хизматлар нархлари қандай ўзгарди?
Сентябрда давлат боғчаларига тўлов миқдори ўртача 6,8 фоизга ошди. Статқўм мазкур ўсиш базавий ҳисоблаш миқдорининг ошиши билан боғлиқлигини қайд этган. Ўз навбатида хусусий болалар боғчалари хизматлари нархи 1,7 фоизга қимматлашган.
Хусусий мактаблар ҳам сентябрдан бошлаб ўз хизматлари нархини ўртача 6 фоизга оширган. Давлат олийгоҳларига тўлов янги ўқув йилидан ўртача 6,3 фоизга кўтарилган. Репетиторлик хизматлари нархи 1,9 фоизга, чет тиллари курслари 1,8 фоизга ошди.
Сентябрда республикада совуқ сув таъминоти ва канализация хизматлари нархи ўртача 2,1 фоизга ошди. Кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш эса 0,6 фоизга қимматлашди. Аҳоли учун кўмирнинг бозор нархлари 0,3 фоизга, ўтин эса 0,8 фоизга ошди.
Бензиннинг ўртача нархлари 1,2 фоизга кўтарилган. Бунда АИ-92 маркали бензин 0,7 фоизга, АИ-95 маркалиси эса 4,2 фоизга қимматлашган. Пропаннинг нархи ой давомида 4,2 фоизга ошган.
Бир ой ичида узоқ масофага қатновчи поездлар чипталари қиймати 1,6 фоизга, авиақатновларники эса ўртача 0,9 фоизга кўтарилган. Етказиб бериш хизматлари эса 3 фоизга қимматлашган.
Нималар арзонлашди?
Сентябрь давомида шакар нархининг ўртача 0,9 фоизга пасайиши кузатилди. Шу билан бирга, асосий мева–сабзавот маҳсулотларидан цитрус мевалар 12 фоизга арзонлашган. Узум нархи 5,7 фоизга, олма 2,4 фоизга, банан қиймати 1,7 фоизга пасайган.
Маълумот учун, Марказий банк 2026 йилда инфляция даражаси 6,5 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда. 2027 йил якунида эса Ўзбекистонда инфляция мақсад қилинган 5 фоиз даражасида шаклланиши кутиляпти.


