Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Августда пропан 5,8 фоизга, бензин 6,7 фоизгача қимматлашди

Ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоизга, ноозиқ-овқатлар 0,2 фоизга ҳамда хизматлар 0,1 фоизга қимматлашди.  Шунингдек, августда шаҳарлараро йўловчи ташиш нархи ўртача 0,6 фоизга кўтарилди.

2026 йил августда Ўзбекистонда ойлик инфляция даражаси 0,2 фоизни, йиллик нархлар ўсиши эса 6,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълум қилди.

Ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоизга, ноозиқ-овқатлар 0,2 фоизга ҳамда хизматлар 0,1 фоизга қимматлашди.

Озиқ-овқатлар нархидаги ўзгаришлар

Бир ой мобайнида сабзи нархи 9,2 фоизга, пиёзники 6,2 фоизга, гуруч эса 2,2 фоиз ошган. Гречка 1,1 фоизга, тухум 0,8 фоизга қимматлашган. Ун нархи 0,5 фоиз, қўй гўшти 0,7 фоиз, суяксиз мол гўшти қиймати 0,7 фоизга кўтарилган.

Қўмита мавсумий омил мева-сабзавотлар нархлари ўзгаришига таъсир қилганини қайд этган. Масалан, бир ой ичида узум 10,9 фоизга, булғор қалампири 9,2 фоизга, олма 7,2 фоизга қимматлашган. Цитрус мевалар нархлари 1,6 фоизга, тарвуз қиймати 7,5 фоизга ошган.

Ўз навбатида айрим маҳсулотлар нархларида пасайиш кузатилган. Жумладан, товуқ гўшти 0,7 фоизга, шакар 0,6 фоизга, сут 0,3 фоизга, пахта ёғи 0,1 фоизга арзонлашган. Нок нархи 6 фоизга, бақлажон 5,5 фоизга, карам 4,9 фоизга, картошка қиймати 3,3 фоизга тушган.

Нархи ошган ва пасайган ноозиқ-овқатлар

Августда бензин нархи ўртача 1,9 фоизга кўтарилган. Қиймат ўсиши маҳсулот маркаларига қараб турлича ўзгарган. Мисол учун, AI-92 бензини 1,1 фоизга, AI-95 маркалиси 4,9 фоизга , AI-98 ва AI-100 маркали бензинлар 6,7 фоизга қимматлашган. Пропан нархи ой давомида 5,8 фоизга ошган бўлса, йиллик ҳисобда қарийб 41,4 фоизга ўсган.

Ўтган ойда дори воситалари 0,2 фоизга арзонлашди.

Хизматлар нархи қандай озгарди?

Август ойида турар жойлар ижара ҳақи 0,4 фоиз, уйларга хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва қўриқлаш хизматлари нархи 0,3 фоизга ўсди. Авиачипталар тарифлари ички рейсларга 0,1 фоизга, халқаро қатновларда 1,7 фоизга кўтарилди.

“Бу ёқилғи нархининг ошиши ва евронинг сўмга нисбатан ўзгариши билан боғлиқ”, дея ҳолатни изоҳлади Статқўм.

Августда шаҳарлараро йўловчи ташиш нархи ўртача 0,6 фоизга кўтарилди. Шу билан бирга, хусусий боғчалар 0,3 фоизга, репетиторлик 0,2 фоизга, чет тили курсларида ўқиш нархлари 0,1 фоизга қимматлашган.