Марказий банк тижорат банкларига суд қарори чиққан кредитлар бўйича қонунга зид ҳисобланган фоиз ва неустойкани бекор қилиш ҳамда ундирилган маблағларни қарз олувчиларга қисқа муддатда қайтаришни топширди. Бу ҳақда регулятор хабар берди.
Фуқаролик кодексининг 744-моддаси учинчи қисмига кўра, кредит қарзини ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиққач, қарорда кўрсатилган суммага фоиз ва неустойка ёки пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Яъни қарз суммаси шундан кейин янги фоиз ва жарималар ҳисобига ошмаслиги керак. Неустойка — шартнома мажбуриятлари бажарилмагани учун тўланадиган жарима ёки пеня.
Марказий банк Банк назорати қўмитасининг қарори билан бу талабга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш тижорат банкларининг кузатув кенгашлари ва бошқарувлари зиммасига юклатилди.
Банкларнинг ички аудит хизматлари 2026 йил 10 декабргача текширув ўтказиши керак. Текширувда суд қарори чиққан кредитлар бўйича фоиз ва неустойка ҳисоблаш тўхтатилгани тўлиқ кўриб чиқилади. Аниқланган қоидабузарликлар банк кузатув кенгаши ва бошқаруви муҳокамасига киритилади.
Банк бошқарувлари қилинган ишлар ва қайтарилган маблағлар бўйича ҳисоботни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга 25 декабргача Марказий банкка тақдим этиши лозим.
Марказий банк қанча банк бу талабни бузгани, қанча қарздорга қанча ортиқча сумма ҳисоблангани ҳақида маълумот бермади. Қарздорлар маблағни қайтариш учун банкка ўзи мурожаат қилиши керакми ёки банклар уни ўзи қайтарадими, бу ҳам аниқлаштирилмади.
Февраль ойида депутат Диёр Хусанов айрим банклар кредит тўлови кечиктирилганда юқори пеня ва қўшимча жарималар қўллаётгани юзасидан Марказий банкка депутатлик сўрови юборганди. Октябрда эса Рақобат қўмитаси кредит бўйича ортиқча тўловлар асосий қарзни камайтиришга йўналтирилмаётгани ҳақида маълум қилганди.


