Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 13ноябр · Жума
USD 11 973,44 ▲ +9,17 EUR 13 282,14 ▼ −41,27 RUB 144,53 ▲ +0,04 GBP 15 891,15 ▼ −33,29
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Коррекцион синф очган нодавлат мактабларга ҳар бир бола учун ойига 4,8 млн сўмгача субсидия берилади

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун коррекцион синф ташкил этган нодавлат таълим ташкилотларига давлат ҳар бир ўқувчи учун ойига Тошкентда 4,84 млн сўм, вилоят марказларида 4,18 млн сўм, бошқа ҳудудларда 3,74 млн сўм субсидия тўлайди.

Ёғоч парталар қўйилган бўш синфхона
Иллюстратив фото. Фото: 2y.kang / Unsplash

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун коррекцион синф ташкил этган нодавлат таълим ташкилотларига давлат субсидия ажратади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 12 ноябрдаги 619-сонли қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Коррекцион синф — алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар умумий ўрта таълим оладиган махсус синф. Низомга кўра, нодавлат таълим ташкилотининг ҳар бир коррекцион синфида 12 нафардан ортиқ ўқувчи бўлмаслиги керак.

Субсидия ҳар бир бола учун тўлиқ бир ойга қуйидаги миқдорда ажратилади:

  • Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 11 баравари (4,84 млн сўм);
  • вилоят марказлари ва Нукусда — 9,5 баравари (4,18 млн сўм);
  • бошқа туман ва шаҳарларда — 8,5 баравари (3,74 млн сўм).

Шундай қилиб, 12 нафар ўқувчидан иборат битта синф учун Тошкентда ойига 58 млн сўмдан ортиқ субсидия тўланади.

Субсидия олиш учун нодавлат таълим ташкилоти «ЯМИҲ» ахборот тизими орқали ҳудудий бошқармага ариза беради. Ҳудудий бошқарма аризани бир иш куни ичида кўриб чиқади. Рад этиш учун асос бўлмаса, битим тузиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида хулоса чиқарилиб, битим имзоланади.