Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 13ноябр · Жума
USD 11 973,44 ▲ +9,17 EUR 13 282,14 ▼ −41,27 RUB 144,53 ▲ +0,04 GBP 15 891,15 ▼ −33,29
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Халқаро маданият ва санъат танловлари ғолибларига 300 млн сўмгача мукофот берилади

Нуфузли халқаро танловларда гран-при ёки биринчи ўринни олган маданият, санъат ва адабиёт вакилларига 300 млн сўм, республика танловлари ғолибларига 100 млн сўмгача бир марталик пул мукофоти берилади. Бу ҳукуматнинг 11 ноябрдаги қарорида белгиланди.

Саҳнада бўш зал олдида скрипка чалаётган мусиқачи
Иллюстратив фото. Фото: CHUTTERSNAP / Unsplash

Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро танловларда гран-при ёки биринчи ўринни олганларга 300 млн сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 11 ноябрдаги 617-сонли қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган.

Низомга кўра, халқаро танловлар ғолиблари қуйидаги миқдорда тақдирланади:

  • гран-при ва 1-ўрин — 300 млн сўм;
  • 2-ўрин — 200 млн сўм;
  • 3-ўрин — 100 млн сўм.

Республика танловлари ғолиблари учун мукофотлар:

  • гран-при ва 1-ўрин — 100 млн сўм;
  • 2-ўрин — 50 млн сўм;
  • 3-ўрин — 25 млн сўм.

Маданият вазирлиги нуфузли халқаро танловлар рўйхатини тасдиқлайди. Рўйхатга киритилмаган танлов ғолиблари ҳам мукофот олиши мумкин. Бунинг учун танловда 30 дан ортиқ мамлакатдан иштирокчилар қатнашган ва камида тўртта саралаш босқичи бўлган бўлиши керак. Шунингдек, танлов ҳақида 20 дан ортиқ мамлакат оммавий ахборот воситаларида хабар берилган ва уни ЮНЕСКО ёки бошқа йирик халқаро ташкилот қўллаб-қувватлаган ёки тан олган бўлиши лозим.

Низомда ғолибларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларини рағбатлантириш ҳамда танловларда иштирок этиш харажатларини қоплаш тартиби ҳам белгиланган.