Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 12ноябр · Пайшанба
USD 11 964,27 ▼ −9,75 EUR 13 323,41 ▼ −109,05 RUB 144,49 ▼ −0,09 GBP 15 924,44 ▼ −151,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Божхона қўмитаси: ЖСТга аъзоликдан сўнг телефонлар учун бож 0 фоизга туширилиши мумкин

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик бўйича музокараларда мобил қурилмалар учун божхона божини 0 фоиз этиб белгилашга келишган. Бу ҳақда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов маълум қилди.

Одамлар смартфонлардан фойдаланмоқда
Иллюстратив фото. Фото: Camilo Jimenez / Unsplash

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлгач, мобил телефонлар учун божхона божи 0 фоизга туширилиши мумкин. Бу ҳақда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов 11 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Dinor.uz мухбири.

Олимжоновнинг айтишича, ЖСТга аъзолик музокараларида мобил қурилмалар учун ноль ставка бўйича келишувга эришилган.

«Бу ўзи сир бўладиган масала эди, мен сизларга айтишим керак эмас эди. Лекин Жаҳон савдо ташкилотига кириш арафасида биз музокаралар жараёнида, яъни ўзаро мулоқотда бошқа давлатлар билан божхона божи ставкаларини, муқобил ставкаларни бир-биримиз билан келишамиз. Ўша келишувда мобил қурилмаларнинг ставкасини 0 фоиз миқдорида келишганмиз. Яъни ЖСТга кириш арафасида бу ставка нолга тушади барибир», — деди у.

Instagram’да кўриш

Мансабдорнинг сўзларига кўра, ҳозир телефонлар импортида 5 фоиз божхона божи ва 12 фоиз қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўланади. Олимжонов божни камайтириш ёки бекор қилиш Божхона қўмитасининг ваколатига кирмаслигини айтди.

«Биз божхона идораси — ундирувчи идорамиз. Бизга 5 фоиз қўйиб берса, 5 фоиз ундиришимиз керак. 10 фоиз қўйиб берса, 10 фоиз ундиришимиз керак. Таклиф киритинглар, бўлмаса, 5 фоизни олиб ташлаб, фақат 12 фоиз ҚҚС тўлаш керакдир. Лекин бу божхона идораси ваколатига кирадиган масала эмас», — деди у.

Унга кўра, божхона божи ставкалари бўйича таклифларни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўрганиб чиқиб, киритади.

Олимжонов ноль ставка ЖСТга аъзо бўлиш билан бирга кучга кирадими ёки ўтиш даври назарда тутилганми, буни аниқлаштирмади.

ЖСТ ишчи гуруҳи раиси Сунг Ё Чоининг 3 ноябрдаги баёнотига кўра, Ўзбекистон музокараларни 2026 йилда якунлаб, 2027 йилда ташкилотга аъзо бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистонга телефон импорти эса жорий йилнинг саккиз ойида салкам 20 фоизга ортган.