Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 12ноябр · Пайшанба
USD 11 964,27 ▼ −9,75 EUR 13 323,41 ▼ −109,05 RUB 144,49 ▼ −0,09 GBP 15 924,44 ▼ −151,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Божхона қўмитаси аэропортда телефонларни расмийлаштириш тўхтатилгани учун узр сўради

Тошкент халқаро аэропортида хориждан олиб кирилган мобил қурилмаларни божхона расмийлаштируви қайта тикланди. Божхона қўмитаси ишни ходимлар IMEI коди сохталаштирилган телефонларни билмасдан расмийлаштириб юбормаслиги учун тўхтатганини маълум қилди ва йўловчилардан узр сўради.

Аэропорт терминалида юклари билан кетаётган йўловчилар
Иллюстратив фото. Фото: CHUTTERSNAP / Unsplash

Тошкент халқаро аэропортида хориждан олиб кирилаётган мобил қурилмаларни божхона расмийлаштируви қайта тикланди. Божхона қўмитаси юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўради. Бу ҳақда қўмита матбуот котиби Ҳусан Тангриев матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Dinor.uz мухбири.

«Божхона максимал даражада ўз вазифаларини бажариб, UzIMEI маркази вакиллари билан яна жараён тикланди. Албатта, уч кун давомида юзага келган ноқулайликлар учун барча юртдошларимиздан узр сўраймиз», — деди Тангриев.

UzIMEI — мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатга оладиган тизим. IMEI эса ҳар бир телефонга бериладиган ноёб рақам.

Тангриевнинг айтишича, расмийлаштирувни тўхтатишга олдиндан кўзда тутилмаган муаммолар сабаб бўлган. «Бу тўсатдан юзага келадиган ҳолат. Уни UzIMEI маркази ҳам, Божхона қўмитаси ҳам назарда тутмаган», — деди у. Унга кўра, бундай ҳолатлар ҳақида қўмита илк бор 4 ноябрда эълон қилган.

Матбуот котибининг сўзларига кўра, кейинги кунларда чегара постидаги ходимлар раҳбариятга «Биз нима қилайлик?» деган савол билан мурожаат қилган. Чора ходимларни кейинчалик айбловлардан ҳимоя қилиш учун қўлланилган.

«У йўловчи тақдим этган декларацияда кўрсатилган IMEI билан телефондаги IMEIга ишониб расмийлаштириб берди-ю, кейин шу телефон билан боғлиқ кўчада қонунбузилиш ҳолати содир бўлди ёки шу IMEI билан бошқа бир қурилма ноқонуний кириб келди. Уни бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар аниқлаб, божхона ходимларига “Телефонни ноқонуний олиб кирилишида ҳиссанг бор, ролинг бор” деган маънода айбловлар қўйилмасин, деган мақсадда вақтинча шу чора қўлланилди», — деди Тангриев.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда аэропортда йўловчиларнинг телефонлари экспертиза учун 30 кунгача сақловга олинаётгани, экспертизасиз бир кунда расмийлаштириш учун эса қўшимча тўлов олинаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Божхона қўмитаси матбуот хизмати бу даъволарни рад этиб, расмийлаштирув вақтинча тўхтатилганини маълум қилганди.

Қўмита баёнотига кўра, сўнгги вақтда божсиз олиб кириш меъёридан фойдаланиш учун IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмаларнинг идентификаторларидан фойдаланиш каби уринишлар кўпайган. Жорий йил бошидан «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси 185 та ҳолатда қиймати 8,8 млрд сўмлик 1185 дона уяли телефоннинг ноқонуний олиб кирилишининг олдини олган.

Олдинроқ Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов IMEI рўйхатдан ўтказиш тизими бекор қилинса, фирибгарлик учун йўл очилишини айтганди.