Самарқанд 2023 йил бутунжаҳон туризм пойтахтига айланади
Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтаётган UNWTO’нинг 24 сессияси доирасида маълум қилди.
«Шуниси диққатга сазоворки, тарихда биринчи марта БМТ таркибига кирувчи ташкилотнинг Бош ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Буларнинг бари Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатлари, туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда бу орқали мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги нуфузини ошириш йўлидаги саъй ҳаракатлари натижасидир.
Таъкидлаш лозимки, UNWTO 25-Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келади. Бундан ташқари, юқори даражадаги тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортиши шубҳасиз, бу эса охир-оқибат мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга янада кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида хизмат қилади», — деди Азиз Абдуҳакимов.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, халқаро ташкилотлар билан муносабатларини янада кенгайтириш, маданий ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида 30 ноябрь-2 декабрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Испания қироллигига ташрифи ташкил этилди. Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси UNWTO Бош ассамблеясининг 24-сессияси доирасида Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлади.
Мадрид шаҳрида ўтган тадбир доирасида 2023 йилда УНWТО Бош ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистон ва Португалия даъвогарлик қилди. Тадбир якунига кўра, Ўзбекистон яққол устунлик билан аксарият овоз тўплаб, 2023 йилги Бош ассамблеяни қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Самарқанднинг туристик салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда уни дунё сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш борасида кўплаб ишлар олиб борилмоқда, бу ерда ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда янги замонавий аэропорт ҳамда туризм объектлари бунёд этилмоқда.


