Ўзбекистон Қозоғистон ва Хитой билан мунтазам авиақатновлар сонини оширишга келишди. Музокаралар 3–5 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Хитой фуқаро авиацияси ишчи гуруҳи анжумани доирасида ўтказилди, деб хабар берди Транспорт вазирлиги.
Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация маъмуриятлари қуйидагиларга келишди:
- Тошкент – Олмаота ва Тошкент – Остона йўналишларининг ҳар бирида мунтазам парвозлар сони ҳафтасига 42 тадан 60 тагача оширилади;
- икки давлат ўртасидаги қолган барча йўналишларда эса ҳафтасига 14 тадан 20 тагача оширилади.
Хитой билан мунтазам авиақатновлар сонини ҳафтасига 100 тадан 114 тагача ошириш ҳуқуқи берилди. Тегишли ҳужжатлар имзоланди.
Бу рақамлар авиакомпанияларга рухсат этилган парвозларнинг энг юқори сони. Янги қатновлар қачон бошланиши ва қайси авиакомпаниялар қўшимча рейс очиши маълум қилинмаган.
Анжуманда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон авиация маъмуриятлари ҳамда авиакомпаниялари вакиллари иштирок этди. Томонлар «Ҳаво ипак йўли»ни биргаликда барпо этиш бўйича келишув ижроси, ҳаво транспорти бозорини либераллаштириш, парвозлар хавфсизлиги ва инфратузилмани ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
C5+1 — Марказий Осиёнинг беш давлати ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик формати. Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши 2027 йилда Қирғизистонда ўтказилади.

