Маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш бўйича талаблар қиймати 10 млн доллардан ортиқ бўлган, алоҳида солиқ ва бошқа имтиёзлардан фойдаланаётган ёки давлатдан арзон ресурс олаётган инвестиция лойиҳаларига ҳам татбиқ этилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Ҳозир бу талаблар энергетика соҳасидаги хусусий шериклик лойиҳаларига қўлланади.
Бундай лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 25 фоиз, кабель маҳсулотлари бўйича эса 70 фоиз бўлиши керак.
Янги тартиб қачондан кучга кириши ва қайси ҳужжат билан тасдиқланиши маълум қилинмаган. Матбуот котибининг хабарига кўра, бу маҳаллий электротехника маҳсулотларига ички бозорда талабни рағбатлантириш учун жорий этиладиган механизмлардан бири.
Шунингдек, банкларга корхоналарнинг молиявий ҳолатини баҳолаш асосида кафолат беришнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш ва уни бир ой ичида тадбиркорларга эълон қилиш топширилди.
Банк кафолати — компания шартнома мажбуриятини бажармаса, буюртмачига тўловни банк кафолатлайдиган ҳужжат. Йирик халқаро тендерларда у мажбурий талаб қилинади. Матбуот котибига кўра, ҳозир, масалан, 10 млн долларлик кафолат олиш учун шунга мос гаров талаб этилади ва бу тадбиркорлар учун қийинчилик туғдирмоқда.
Президент ишлаб чиқариш тажрибаси, барқарор айланмаси ва молиявий имконияти бор корхоналарни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини айтди. Мисол тариқасида «NURA Electric» корхонаси Камбоджада 2 млн долларлик тендерда ғолиб бўлгани келтирилди.
Олдинроқ Президент банкоматларни маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганишни топширган эди.


