Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 6ноябр · Жума
USD 11 973,48 ▲ +38,11 EUR 13 436,64 ▲ +4,57 RUB 146,59 ▲ +1,01 GBP 16 112,71 ▲ +19,06
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Марказий банк 2026 йилги инфляция прогнозини оширди

Фото: Марказий банк

Ўзбекистонда 2026 йил якунида йиллик инфляция даражаси 7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк янгиланган прогнозини эълон қилди.

Маълумот берилишича, бир қатор сабабларга кўра умумий инфляция прогнози қайта кўриб чиқилган. Жумладан, ички бозорда юқори талаб шаклланаётгани ҳамда энергия нархлари билан боғлиқ ташқи хатарлар мавжудлиги асосий омиллардан бўлган. Ўз навбатида айрим тартибга солинадиган нархларнинг режалаштирилган оширилиши (масалан, коммунал тўловлар) ҳам ҳисобга олинган.

“Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунида инфляция 7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда”, дейилади регулятор баёнотида.

Таҳлил қилинишича, тартибга солинадиган нархлар ўзгаришининг бевосита таъсирлари қисқа муддатли хусусиятга эга ва келгуси йилда тугаб боради. Қатъий пул-кредит шароитлари эса ушбу ўзгаришлар билан боғлиқ иккиламчи таъсирларнинг нархлар ва инфляцион кутилмаларга ўтишини чеклайди. Натижада базавий инфляциянинг йил охиригача сезиларли ўзгармаслиги, кейинги даврларда эса пасайиши кутилмоқда.

Бироқ инфляция 2027 йил якунида 5 фоизлик таргетгача тушиши прогнози ўзгармаган.

Инфляция пасайиши кутилмалари

Марказий банк баҳорда 2026 йил якунигача йиллик инфляция даражаси 6,5 фоизга пасайишини прогноз қилганди. Бироқ нархларга оширувчи босим берувчи омиллар мавжудлиги қайд этилган. Жумладан, Яқин Шарқдаги уруш фонида жаҳон бозорида нефть ва озиқ-овқат нархларининг ошиши бўйича хатарлар кучаймоқда. Бу логистика ва ташиш харажатларининг ортиши билан бирга келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга қўшимча босим яратиши мумкинлиги билдирилган.

Кечикаётган натижа

2019 йилдаги президент фармонида инфляция бўйича доимий мақсад (таргет) 5 фоиз бўлиши, бунга 2023 йилда эришилиши белгиланган. Бироқ бу вазифа ҳалигача бажарилмади. Регулятор буни қатор сабаблар билан изоҳлайди. Масалан, асосий омиллардан бири сифатида монополия ва эркин бўлмаган бозор таъсири экани билдирилган.

“Прогнозимиз ички ва ташқи омилларга асосланади. Лекин ҳаётда бу ўзгарса, прогноз ҳам ўзгариши табиий. Ҳукумат бозорларда структуравий ислоҳотларни давом эттиришини прогнозларда доим кўзда тутамиз. Турли хил товарлар бозорлари бор. Айримларида ҳалигача ҳам бозорларни эркинлаштириш йўлидан юришимиз керак. Бу ҳам албатта инфляция даражасига таъсир қилади. Ўша айрим товарлар бўйича ҳам ҳозир ишлар олиб бориляпти. Номонетар факторлар таъсирини камайтириш бўйича ҳукумат билан ишлаяпмиз. Беш-олтита товар бўйича рақобатни кучайтириш, ишлаб чиқариш ва импорт консентрациясини камайтириш масалаларида ишлар олиб бориляпти. Шу ишлар қанчалик самарали бўлишига қараб, умумий пул-кредит сиёсатимиз натижасини беради”, деган эди Марказий банк раиси Тимур Ишметов.

Жорий йил май ойидан бошлаб Ўзбекистонда йиллик нархлар ўсиш даражаси 7 фоиздан пастга тушди. Бу камида 10 йиллик тарихий пасайиш ҳисобланади. Сентябрга келиб эса инфлясия даражаси 6,4 фоизни ташкил этди.