Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 28октябр · Чоршанба
USD 11 918,98 ▲ +57,02 EUR 13 283,70 ▲ +5,42 RUB 148,04 ▲ +0,91 GBP 15 876,08 ▲ +42,74
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзини ўзи банд қилганларга 50 млн сўмгача гаровсиз кредит берилади

“Оғир” тоифадаги туман ва маҳаллаларда кредитларни йиллик 12 фоиз ставкада бериш белгиланди. Товарларни олдиндан етказиб бериш талаби ҳам бекор қилинди. Шунингдек, чорвачиликка ихтисослашган маҳаллаларда наслли чорва моллари ва туячиликни ривожлантириш учун 100 млн сўмгача кредит ажратиш имконияти яратилди.

Фото: Nova 24

Марказий банк департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Фазлиддин Жамилов маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берди.

2026-йил 1 октябрь ҳолатига оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 241 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга жами 4,9 трлн сўмлик кредит ажратилди. Бу маблағлар аҳолига ўз бизнесини йўлга қўйиш, даромад манбаини яратиш ва бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Бугунги кунда оилавий тадбиркорлик кредитларини олиш жараёни ҳам соддалаштирилган. Аризалар “Оилакредит.уз” ягона электрон платформаси орқали, ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида қабул қилинади. Бунинг учун банкка бориш шарт эмас.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги қарори билан кредит ажратиш шартлари янада енгиллаштирилди. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун гаровсиз кредит миқдори 33 млн сўмдан 50 млн сўмгача оширилди. Чорвачиликка ихтисослашган маҳаллаларда наслли чорва моллари ва туячиликни ривожлантириш учун 100 млн сўмгача кредит ажратиш имконияти яратилди. Шунингдек, “оғир” тоифадаги туман ва маҳаллаларда кредитларни йиллик 12 фоиз ставкада бериш белгиланди. Товарларни олдиндан етказиб бериш талаби ҳам бекор қилинди.

Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб ёндашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис 2026 йил 1 мартдан бошлаб “оғир” тоифадаги 37 та туман ва 915 та маҳаллада кредитлар йиллик 17,5 фоиз ўрнига 12 фоиз ставкада ажратилмоқда. Натижада ушбу имтиёзли ставкада 49,4 мингта мижозга жами 1,2 трлн сўм кредит берилди. Бу оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган кредитлар умумий суммасининг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил этади. Жумладан, 37 та “оғир” туманда 40,8 мингта мижозга 986 млрд сўм, 915 та “оғир” маҳаллада эса 14,9 мингта мижозга 354 млрд сўм кредит ажратилди.

Энг муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026 йил 1 февралдан “Давлат таъминотидаги оила”лар учун алоҳида кредит йўналиши жорий этилди. Унга кўра, бундай оила аъзоларига 4 йилгача муддатга, бир йиллик имтиёзли давр билан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача кредит берилади. Мазкур кредитларнинг фоиз тўловлари давлат томонидан қопланади. Шу сабабли оила учун кредит амалда фоизсиз, маблағлар эса ижтимоий картага ўтказилади.

Шу кунга қадар ушбу йўналишда 16 мингдан ортиқ оилага 317 млрд сўм кредит ажратилди. Жумладан, Халқ банки 7,8 мингта, Агробанк 4,7 мингта ва Микрокредитбанк томонидан 3,8 мингта оилага кредитлар берилди. Ажратилган маблағлар чорва моллари, парранда, қуён ва асалари сотиб олиш, кўчма дўкон ёки мотороллер харид қилиш, шунингдек, иссиқхона қуриш имконини бермоқда. Ушбу жараёнда ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири ҳамроҳлик қилади.

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг даромад манбаини шакллантириш ва мустақил фаолият бошлаши учун “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ҳам имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Дастур доирасида ноутбук харид қилиш учун 15 млн сўмгача, ишлаб чиқариш ускунаси, кўчма дўкон ёки мотороллер сотиб олиш учун эса 30 млн сўмгача кредит олиш мумкин. Кредитлар 5 йил муддатга берилади, фоиз тўловлари Камбағалликни қисқартириш жамғармаси томонидан қопланади.

1 октябрь ҳолатига ушбу дастур доирасида 2 362 та оилага 35,9 млрд сўм кредит ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 925 та тикув машинаси, 496 та ноутбук, 419 та озиқ-овқат ишлаб чиқариш ускунаси ва 272 та мототранспорт воситаси харид қилинди. Бу каби ташаббуслар аҳолига ўз салоҳиятидан фойдаланиш, кичик бизнесни йўлга қўйиш ва оилавий даромадни ошириш учун шароит яратмоқда.