Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 9ноябр · Душанба
USD 11 987,16 ▲ +13,68 EUR 13 393,25 ▼ −43,39 RUB 146,29 ▼ −0,30 GBP 16 060,40 ▼ −52,31
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Давлат харидларида энг арзон нарх эмас, маҳсулотнинг бутун хизмат муддатидаги харажати ҳисобга олинади

Давлат харидларида «life cost» ёндашуви жорий этилади: харид нархи билан бирга электр сарфи, таъмирлаш ва сервис харажатлари ҳам баҳоланади. 2027 йил 1 январдан давлат харидлари бўйича уч йиллик режалар олдиндан эълон қилина бошлайди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат харидларида маҳсулотни фақат энг арзон нархга қараб танлаш амалиёти қайта кўриб чиқилади. Унинг ўрнига маҳсулотнинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларини баҳолаш тизими — «life cost» ёндашуви жорий этилади. Бу ҳақда Президентнинг электротехника соҳаси тадбиркорлари ва инвесторлари билан учрашувида маълум қилинди, деб хабар берди Президент матбуот котиби.

Янги ёндашувда харид нархи билан бирга маҳсулотнинг электр сарфи, таъмирлаш, сервис ва фойдаланиш харажатлари ҳам ҳисобга олинади. Матбуот котибига кўра, арзон импорт маҳсулотни кейинчалик ишлатиш анча қимматга тушиши мумкин.

Назорат харидида ўрганилган иккита 40 киловаттли трансформатордан импорт маҳсулот маҳаллийсидан 400 минг сўм арзон бўлган. Бироқ унинг электр сарфи 10 фоизга, фойдаланиш давридаги таъмирлаш харажати эса тўрт баравар юқори экани аниқланган.

Янги тизим қачондан ва қайси маҳсулотлар учун қўлланиши маълум қилинмаган.

Матбуот котиби маълумотига кўра, давлат харидлари доирасида ҳар йили 10 трлн сўмлик электротехника маҳсулотлари сотиб олинади.

Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан давлат харидлари бўйича уч йиллик режаларни олдиндан эълон қилиш бошланади. Матбуот котибига кўра, бу тадбиркорларга талабни олдиндан билиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ускуна харид қилиш ва инвестор жалб этиш имконини беради.

Шунингдек, барча давлат буюртмалари битта платформада акс этадиган тизим жорий қилинди. Илгари тадбиркорлар давлат корхоналари буюртмаларини тўрт-бешта алоҳида платформа орқали кузатишга мажбур эди.