Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 9ноябр · Душанба
USD 11 987,16 ▲ +13,68 EUR 13 393,25 ▼ −43,39 RUB 146,29 ▼ −0,30 GBP 16 060,40 ▼ −52,31
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Қорақалпоғистонда 50 минг аҳолига мўлжалланган «Nukus city» барпо этилади

Нукус шаҳрида 270 гектар майдонда 50 минг аҳолига мўлжалланган «Nukus city» қурилади. Шунингдек, 2027 йилда Қорақалпоғистон иқтисодиётида 8 фоиз ўсишга эришиш режалаштирилмоқда

Нукус шаҳрида 270 гектар майдонда 50 минг аҳолига мўлжалланган «Nukus city» қурилади. Янги шаҳарча замонавий архитектура, энергия тежамкор технологиялар ва «ақлли шаҳар» ечимлари асосида барпо этилиши режалаштирилган. Бу Президентнинг 2026 йил 5 ноябрдаги «Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–393-сон қарорида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, «Nukus city» Нукус шаҳрининг Жолшилар маҳалласидаги Ашшикўл ҳудудида жойлашади. Лойиҳанинг бош режасини ишлаб чиқишда Янги Тошкент тажрибасидан фойдаланилади. Шунингдек, хорижий ташкилотлар тавсиялари асосида замонавий архитектуравий ечимлар қўлланади.

Янги шаҳарчада нималар қурилади?

Лойиҳа доирасида «smart city» технологиялари билан жиҳозланган кўп квартирали турар жойлар, савдо ва бизнес марказлари, меҳмонхоналар, ижтимоий соҳа муассасалари барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, парклар, яшил ҳудудлар, фавворалар, спорт майдончалари ва бошқа инфратузилма объектлари ташкил этилади.

Қурилишда энергия тежамкор технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади.

2027 йилда Қорақалпоғистон иқтисодиёти 8 фоиз ўсишна эришиш режалаштирилмоқда

Президент қарори билан Қорақалпоғистонни 2027 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ҳам белгиланди. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 8 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 7 фоизга, бозор хизматларини 17 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришини 5 фоизга ва қурилиш ишларини 13 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, экспорт ҳажмини 550 миллион долларга етказиш, инвестициялар ҳажмини эса икки баравар ошириб, 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Ижтимоий йўналишдаги устувор вазифалардан бири сифатида биринчи босқичда паст даромадли 125 минг оиладаги 513 минг нафар аҳолини юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш белгиланган.

Мазкур чоралар Қорақалпоғистонда иқтисодий фаолликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва замонавий шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.