Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 9ноябр · Душанба
USD 11 987,16 ▲ +13,68 EUR 13 393,25 ▼ −43,39 RUB 146,29 ▼ −0,30 GBP 16 060,40 ▼ −52,31
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Рақобат қўмитаси реклама қонунчилигини бузган 12 нафар блогерни жавобгарликка тортди

Қўмита 110 нафар блогер саҳифасидаги рекламани ҳар куни кузатиб бормоқда. Энди машҳур қўшиқчилар, актёрлар ва спортчиларнинг рекламаси ҳам мониторинг қилинмоқда.

Иллюстратив фото

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ижтимоий тармоқларда реклама қонунчилиги талабларини бузган 12 нафар блогерга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини қўллади. Бу ҳақда қўмита хабар берди.

Қўмита ижтимоий тармоқлардаги 110 нафар блогер рўйхатини тузган ва уларнинг саҳифаларида жойлаштирилаётган рекламани ҳар куни кузатиб боради. 12 нафар блогердаги қонунбузилишлар шу мониторинг натижасида аниқланган.

Қўмита блогерлар исмини, қандай талаблар бузилганини ва қўлланган жарима миқдорини маълум қилмади.

Шунингдек, қўмита машҳур қўшиқчилар, актёр ва актрисалар ҳамда спортчилар рўйхатини шакллантириб, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги реклама чиқишларини ҳам мунтазам кузатмоқда. Бу рўйхатда неча киши борлиги айтилмаган.

Қўмита «Реклама тўғрисида»ги қонунга кўра реклама ҳаққоний бўлиши ва истеъмолчини чалғитмаслиги кераклигини эслатди. Унинг таъкидлашича, қонун талабларини билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди.