Ўзбекистонда радарлар фаолияти устидан назорат кучайтирилди. Бу ҳақда 15 ноябрь куни ЙҲХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда радарларнинг ноқонуний фаолият олиб бораётгани ҳамда ҳайдовчиларга тезлик меъёрларини қўшиб ёзаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, йўл ҳаракати қоидалари ижросида қонунийлик ва адолатни таъминлаш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан махсус жиҳозланган автомобиллар ёрдамида республиканинг барча ҳудудларида ўрнатилган фото-видео қайд этиш қурилмалари, радарлар фаолияти кўздан кечирилади.
Радар қурилмаларининг доимий равишда соз, аниқ ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида улар Ўзбекистон миллий метеорология институти мутахассислари томонидан мунтазам равишда метеорологик текширув ва синовлардан ўтказиб келинмоқда. Жараёнда ушбу турдаги махсус автомобиллар ёрдамида радарларнинг белгиланган техник талабларга мувофиқлиги, тезликни қайд этиш аниқлиги ҳамда уларнинг қонуний фаолият юритиши текширилади.
“Йўлларда хавфсизлик нафақат тартиб-интизом билан бирга, балки холислик қонунийлик ҳамда фуқароларга бўлган адолатли муносабат билан ҳам таъминланади”, деди ЙҲХХ ахборот хизмати ходими Фаррух Мирзабоев.
Унинг таъкидлашича, аниқланган ҳар қандай камчилик ва қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан тегишли масъулларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрилади.
Октябрь ойининг охирларида йўл ҳаракати хавфсизлигига оид Safe Road иловаси фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари сизиб чиққани ҳамда Telegram’даги OSINT ботларида очиқ савдога қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Компания ушбу маълумотларни қатъиян рад этиб, расмий муносабат билдирганди.


