Октябрда аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан ошиб, 10,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк аҳоли ўртасида ўтказган сўров натижаларига таяниб хабар берди. Регулятор сентябрдаги кўрсаткични келтирмади.
Сезилган инфляция — аҳолининг ўзи нарх-наво бир йилда қанчага ошганини қандай баҳолаши. У расмий статистикадан фарқ қилиши мумкин. Сентябрда расмий йиллик инфляция 6,4 фоиз бўлган.
Ҳудудлар орасида энг юқори сезилган инфляция Тошкент шаҳрида (12,1%), энг пасти Қорақалпоғистонда (8,5%) қайд этилди. Касблар бўйича ахборот технологиялари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари нарх ошишини энг юқори (11,1%), умумий овқатланиш соҳаси ходимлари эса энг паст (8,6%) баҳолаган. Даромади 7 млн сўмдан юқори бўлган аҳоли орасида сезилган инфляция нисбатан юқори бўлган.
Респондентлар энг кўп қуйидаги товар ва хизматлар қимматлашганини қайд этган:
- гўшт ва сут маҳсулотлари — 52%;
- бензин ва ёқилғи — 47%;
- электр энергияси ва табиий газ — 38%;
- йўлкира ва ташиш хизматлари — 24%;
- умумий овқатланиш — 22%.
Июнда сезилган инфляция ҳам 10,2 фоиз бўлганди. Ўшанда энг юқори кўрсаткич ҳам Тошкент шаҳрида (12,3%) қайд этилганди.


