Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 17ноябр · Сешанба
USD 12 023,61 ▲ +9,24 EUR 13 236,79 ▼ −43,89 RUB 145,54 ▼ −0,65 GBP 15 865,15 ▼ −34,67
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда ИИВ ва банклар иштирокида 24/7 режимида ишловчи марказ ташкил этилади

Марказ орқали кибермаконда фирибгарлик ёки ўғрилик юзасидан хабар келиши билан пул ҳаракатларини кузатиш ва тезда чора кўриш механизми йўлга қўйилади. Ушбу вазифалар ижроси учун ИИВ, ДХХ, Бош прокуратура, Рақамли технологиялар вазирлиги, тегишли комиссиялар масъул этиб белгиланди.

Ўзбекистонда кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда президентнинг 10 ноябрда имзоланган ПФ-242-сон фармонида белгиланди.

Фармон билан 7 та миллий дастур ва уларни 2027–2031 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланганди. Ҳужжатга кўра, 2026 йил декабрга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда ИИВ ва банклар иштирокида 24/7 режимида ишловчи марказ ташкил этиш ҳамда кибермаконда фирибгарлик ёки ўғрилик ҳаракатлари юзасидан хабар келиши билан пул ҳаракатларини кузатиш ва зудлик билан чора кўриш механизми йўлга қўйилади.

Амалдаги ҳукумат қарорлари қуйидагиларни назарда тутган ҳолда такомиллаштирилади:

  • одам савдосидан жабрланган шахс ёрдам учун якуний идентификация ёки шахсий режа тасдиқланишини кутиб қолишини бартараф этиш;
  • уни аниқлаган масъул шахс зиммасига ўша заҳоти хавфсиз жой, тиббий ёрдам ва таржимонга улаш мажбуриятини юклаш;
  • ёрдамнинг ўз вақтида етиб боришини назорат қилиш механизмларини кучайтириш.

Юқоридаги вазифалар ижроси учун ИИВ, ДХХ, Бош прокуратура, Рақамли технологиялар вазирлиги, тегишли комиссиялар масъул этиб белгиланди.

Бундан аввал президентнинг ушбу фармони билан Ўзбекистондаги барча мактабларда ҳуқуқий саводхонлик дастури жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди. 1-синфдан бошлаб 11-синфгача ҳуқуқий саводхонлик тарғиботи амалга оширилади. Вазиятли масалалар, ҳуқуқ бузилганда кимга ва қандай мурожаат қилиш машқлари ва бошқалар ташкил этилиши режалаштирилган.