Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20октябр · Сешанба
USD 12 044,72 ▼ −11,18 EUR 13 525,02 ▼ −47,51 RUB 145,46 ▲ +1,30 GBP 16 062,84 ▼ −16,11
Маълумот: Марказий банк
Авто

Тошкентнинг яна тўртта қисмида автобуслар учун 17,9 км узунликдаги BRT йўлаклари қурилади

Харажатларни Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш кўзда тутилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун тахминан 6,5 млрд сўм талаб этилади.

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини тезлаштириш ва шахсий автомобилларга қарамликни камайтириш мақсадида тўртта йўналишда автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мутахассислар жамоат транспорти йўналишлари ўтадиган, умумий узунлиги 150 км дан ортиқ бўлган йўл қисмларини таҳлил қилган. Натижада қарийб 18 км йўлда ишларни бошлаш тавсия этилган.

Лойиҳага эса умумий узунлиги 17,9 км бўлган қуйидаги кўчалар киритилган:

  • Муқимий кўчаси — Яшнобод ва Чилонзор туманларидаги 4,6 км қисм;
  • Қоратош ва Кўкча Дарвоза кўчалари — Шайхонтоҳур туманидаги 4,2 км қисм;
  • Паркент кўчаси — Мирзо Улуғбек туманидаги 2,8 км қисм;
  • Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси — Мирзо Улуғбек туманидаги 6,3 км қисм.

Ушбу участкаларда марказий кўчаларни таъмирлаш ва автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар (BRT) ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун пойтахт ҳокимининг тегишли қарори имзоланган бўлиб, ҳозирда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун буджет шакллантирилмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун тахминан 6,5 млрд сўм талаб этилади. Харажатларни Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг буюртмачиси сифатида Тошкент инвест компанияси белгиланиши кутилмоқда. Лойиҳалаш ташкилотлари, пудратчилар ва техник назорат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда танлов асосида аниқланади.

Қурилиш ишлари бошланишидан олдин муҳандислик коммуникациялари ва коммунал инфратузилма тармоқлари кўрикдан ўтказилади. Носозликлар аниқланса, улар белгиланган тартибда таъмирланади, кўчирилади ёки алмаштирилади. Ишлар давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларнинг олдини олиш чоралари ҳам кўрилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги лойиҳа доирасида пиёдалар учун қулай йўналишлар, сифатли йўл кўрсаткичлари, бекатлар ва ёритиш тизимига эътибор қаратилишини билдирди. Йўл қопламасида полимер билан модификацияланган битум ва мустаҳкам чақиқтошли шағал-мастикали асфальтбетон қоришмасидан фойдаланиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, бу қоплама 2023 йилдан буён пойтахтнинг иқлим шароитида ўзини оқлаган.