Тошкентда бинолари реновацияга тушган мулкдорларга (жисмоний ва юридик шахсларга) пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги «Тошкент Инвест» компанияси уй-жой лойиҳаларини амалга ошираётган ҳудудлар — Янги Тошкентдан кўчмас мулк таклиф этилиши мумкин.
Ўзбекистон президентининг 10 ноябрдаги фармони билан компенсация сифатида Янги Тошкентдаги уйлардан аввалги кўчмас мулкнинг баҳоланган қийматига нисбатан 1,5 бараваргача қиммат бўлган квартиралар ажратишга рухсат берилди.
Пойтахт ҳокимлиги эса Янги Тошкентдан мавжуд квартира майдонининг 150 фоизигача бўлган уй-жой олиш имконияти ҳақида хабар берди. Ҳокимлик бунга қуйидаги мисолларни келтирди:
-
Агар оиланинг 50 кв метр майдонли квартираси бўлса, вариантлардан бири сифатида 75 кв метргача бўлган уй-жой кўриб чиқилиши мумкин;
-
70 кв метрли битта квартира ўрнига оилага 105 кв метргача бўлган битта кенгроқ квартира ёки иккита алоҳида — масалан, 45 ва 60 кв метрли квартиралар таклиф этилиши мумкин.
«Булар қатъий кафолатланган шартлар эмас, балки шартли мисоллардир. Ҳар бир ҳолат кўчмас мулкнинг хусусиятлари ҳамда мулкдорларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда индивидуал тартибда кўриб чиқилади. Таклифларни тайёрлашга мустақил ташкилотлар жалб этилади, хонадонлар майдони, сони ва бошқа шартлар эса томонлар билан келишилади.», — дея қайд этди маъмурият.
«Эндиликда реновация доирасида ҳар бир оиланинг манфаатларини инобатга олган ҳолда мақбул ечим топиш имконини берувчи яна бир йўл пайдо бўлмоқда. Шу билан бирга, асосий тамойиллар ўзгаришсиз қолади: мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жараёнларнинг шаффофлиги ва компенсация шартларини келишиш», — дея таъкидлади ҳокимлик.
Эслатиб ўтамиз, ёзда президент эскирган уй-жойларни янгилаш қоидаларини белгиловчи реновация тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Ҳужжат аҳоли билан очиқ муҳокамалар ўтказиш, мулкдорларнинг 80 фоизи розилигини олиш, компенсация тўлаш, вақтинчалик уй-жой билан таъминлаш, инвесторлар иштироки ва низоларни суд тартибида ҳал этишни назарда тутади. Қонун рози бўлмаган аҳолига босим ўтказишни тақиқлайди.


