Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқаруви UzAutoMotors компаниясини харид қилиш бўйича таклифлар келиб тушмоқда. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов 8 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Бугунги кунда бизга таклифлар келиб тушмоқда. Хусусан, Америка, Жанубий Корея ва Хитой компаниялари томонидан қизиқиш билдирилган. Лекин қизиқишлар билдирилгани компания унга сотилади дегани эмас. Васвасага тушишмаслик лозим. Чунки бу бизни рақобат шароитида хусусийлаштиришни амалга оширишимизга салбий таъсир қилиб қолиши мумкин. Очиқ, халқаро савдо ўтказамиз”, деди агентлик раҳбари.
Соҳибжон Муродовнинг айтишича, ҳозирда компанияни хусусийлаштириш стратегиясидан келиб чиқиб, ишлар режаси тайёрланяпти. Навбатдаги босқичда савдоларни ташкиллаштирадиган халқаро консултант аниқланади. Ўз навбатида консултант активни баҳолаш жараёнларини амалга оширилади.
“Ва параллел равишда аудитдан ўтказилади. Кейинги босқичда биз инвесторларга эълон қиламиз. Халқаро каналлар орқали маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари орқали етказилади. Яъни қизиқиш билдирувчи талабгорлар тўғрисида маълумотларни йиғамиз”, деди ташкилот директори.
Жараёнда бир қатор шартлар бажарилгач, мулоқотга ўтилади. Кейин сотув жараёнлари эълон қилинади.
Аввалроқ UzAutoMotors АЖни сотишга тайёргарлик ишлари бошлангани хабар қилинганди. Президентнинг 2025 йил апрелдаги қарорида UzAutoMotors (99,7 фоиз) ва UzAutoMotors Powertrain (100 фоиз) компанияларини хусусийлаштириш белгиланган.


