Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2027 йилда 232 млрд долларга етиши прогноз қилинмоқда. Бу Президент Шавкат Мирзиёев 2027 йил бюджети ва макроиқтисодий прогнозлар бўйича ўтказган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Йиғилишда жорий йил якунида иқтисодиёт камида 8 фоиз ўсиши, ЯИМ ҳажми 200 млрд доллардан, аҳоли жон бошига даромад эса 5,2 минг доллардан ошиши кутилаётгани айтилди. 2026 йил бюджети лойиҳасида ЯИМ ўсиши 6,6 фоиз деб прогноз қилинганди.
2027 йилда инфляцияни 6 фоизгача, 2028–2029 йилларда 5 фоизгача пасайтириш, олтинсиз экспортни қарийб 40 млрд долларга етказиш мўлжалланган. Мутасаддиларга 2027 йилда 65 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича тармоқ ва ҳудудлар кесимида режа ишлаб чиқиш топширилди.
Узоқ муддатли мақсадлар ҳам белгиланган: 2030 йилга бориб ЯИМни 300 млрд долларга, кейинги ўн йилда аҳоли жон бошига даромадни 10 минг долларга етказиш.
Кейинги йилдан иқтисодий ўсишнинг янги моделига ўтилади. Унинг асосини саноат сиёсати ташкил этади. Кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика бўйича янги стратегия ишлаб чиқилмоқда. 2027 йилда ҳар бир истиқболли тармоққа камида 2–3 тадан йирик инвестор жалб қилиш, ярим ўтказгичлар, робототехника, биотехнологиялар, электромобиллар учун бутловчи қисмлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилган.
Давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, хусусийлаштиришни жадаллаштириш ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёнини якунлаш ҳам устувор вазифалар сифатида кўрсатилди.
Яқинда Миллий статистика қўмитаси 2017–2025 йиллар учун ЯИМни қайта ҳисоблаб, 2025 йилги кўрсаткични 15 фоизга оширганди.


