Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 30октябр · Жума
USD 12 066,22 ▲ +62,20 EUR 13 444,18 ▲ +82,51 RUB 149,74 ▲ +0,94 GBP 16 075,82 ▲ +124,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда электричка ва шаҳарлараро автобусларда нақд пулдан воз кечиш режа қилинмоқда

Транспорт вазирлиги шаҳар атрофи поездлари, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобусларни босқичма-босқич нақд пулсиз тўловга ўтказишни таклиф қилди. 2027 йилдан электрон чипталарни камида 20 фоизга арзонлаштириш, 2030 йилдан эса ушбу йўналишларда нақд ҳисоб-китоблардан тўлиқ воз кечиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги йўловчи ташишда нақд пулсиз тўловга босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. 2030 йилгача мўлжалланган ички йўловчи ташишни комплекс ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Лойиҳага мувофиқ, 2030 йил 1 январдан шаҳар атрофи йўловчи поездлари, шунингдек, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобусларда йўл ҳақини тўлашда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишдан бутунлай воз кечиш таклиф этилмоқда. Тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши керак бўлади.

Чора-тадбирлар дастурида қайд этилишича, ҳозирда ушбу йўналишлардаги йўловчиларнинг қарийб 70 фоизи йўл ҳақини нақд пулда тўлайди. 2030 йилга келиб бу кўрсаткични нолга тушириш ва 100 фоиз электрон тўловга ўтишни таъминлаш режалаштирилган.

Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш мақсадида электрон чипта сотиб олувчи йўловчилар учун йўл ҳақини вақтинча арзонлаштириш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳанинг асосий матнига кўра, 2027 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача шаҳар атрофи поездлари, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобусларда электрон чипта харид қилинганда камида 20 фоиз чегирма берилиши керак.

Янги тартибни жорий этиш учун Транспорт вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси билан биргаликда тариф қоидалари, ҳисоб-китоб тартиби ва ташувчиларга чегирмаларни қоплаш механизмларини ишлаб чиқиш топширилмоқда.

Ташаббуснинг мақсади — электрон чипталардан фойдаланишни рағбатлантириш, йўловчи ташиш бўйича шаффоф ҳисоб-китобни йўлга қўйиш ҳамда транспорт соҳасидаги яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришдир.

Эътиборли жиҳати шундаки, тадбирлар дастурида чегирмаларнинг жорий этилиши қўшимча молиялаштиришни талаб қилмаслиги кўрсатилган. Шу билан бирга, ҳужжат компенсация механизмини ишлаб чиқишни назарда тутса-да, ташувчиларга тушмай қолган даромадлар айнан қайси маблағлар ҳисобидан қоплаб берилишини очиқламайди.

Шаҳар атрофи электричкаларда бепул юриш

Лойиҳада узоқ масофага қатновчи поезд йўловчилари учун қўшимча имтиёз ҳам назарда тутилган.

Бундай поездга электрон чипта харид қилган фуқароларга асосий поезд жўнаб кетишидан 12 соат олдин ва манзилга етиб боргандан кейин 12 соат давомида тегишли ҳудуддаги шаҳар атрофи поездлар, яъни электричкалардан бепул фойдаланишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.

Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» ушбу имтиёзни тақдим этиш тартибини 2027 йил 1 сентябрга қадар ишлаб чиқиши ва амалиётга татбиқ этиши шарт.

Ушбу чора шаҳар атрофи поездларининг бандлигини ошириш ҳамда темирйўл йўналишлари ўртасида транспорт алмашишни осонлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.