Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 14ноябр · Шанба
USD 12 014,37 ▲ +40,93 EUR 13 280,68 ▼ −1,46 RUB 146,19 ▲ +1,66 GBP 15 899,82 ▲ +8,67
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

2027 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгармайди. Бюджет харажатлари 464 трлн сўм бўлади

Ҳукумат 2027 йилда асосий солиқ ставкаларини оширмасликни режалаштирмоқда. Давлат бюджети даромадлари 416 трлн сўм, харажатлари 464 трлн сўм бўлади. Таълимга 114,3 трлн, тиббиётга 61,4 трлн сўм ажратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда 2027 йил асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз сақланади. Давлат бюджети даромадлари 416 трлн сўм, харажатлари 464 трлн сўм миқдорида белгиланиши кўзда тутилмоқда. Бу Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

Солиқлар оширилмагани учун бюджет даромадларини кўпайтириш солиқ базасини кенгайтириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳисобига амалга оширилади. Бунда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш кўзда тутилган.

Харажатлар даромадлардан 48 трлн сўм кўп. Бюджет лойиҳаси 7 фоизлик иқтисодий ўсиш прогнози асосида тузилмоқда. Умумий фискал тақчилликни ЯИМнинг 3 фоизи доирасида, инфляцияни эса 6 фоиздан оширмасдан сақлаш вазифаси қўйилган.

Таълимга 114,3 трлн сўм, соғлиқни сақлашга 61,4 трлн сўм ажратиш режалаштирилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан мос равишда 14 трлн ва 12 трлн сўм кўп. Яна 70 трлн сўм ҳудудлар ва маҳаллалар инфратузилмаси, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимояга йўналтирилади.

Инвестиция дастури доирасидаги қурилиш лойиҳаларида бюджет маблағлари сарфини тўлиқ кузатиб борадиган рақамли назорат тизими тажриба тариқасида жорий этилади.

Бюджет лойиҳаси маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилингач, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

Олдинроқ Ўзбекистон давлат қарзи 48,32 млрд долларга етгани хабар қилинганди.