Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Ўзбекистон Бразилиа билан шаҳарсозлик соҳасида ҳамкорлик ўрнатади

Ўзбекистон Бразилиа шаҳри билан шаҳарсозлик соҳасида ҳамкорлик ўрнатмоқда. Жавлон Ваҳобов Бразилиа Халқаро алоқалар офиси директори ўринбосари Эмилиано Диогенес Абреу билан музокаралар ўтказди.

Фото: «Дунё» АА

Ўзбекистон Бразилия пойтахти Бразилиа шаҳри билан шаҳарсозлик соҳасида ҳамкорлик ўрнатади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Бразилиядаги элчиси (қароргоҳи Вашингтон шаҳрида) Жавлон Ваҳобовнинг Бразилиа Халқаро алоқалар офиси директори ўринбосари Эмилиано Диогенес Абреу билан музокараларида маълум бўлди.

Хабарга кўра, Эмилиано Абреу Бразилиа шаҳрининг ривожланиши ва унинг дунёнинг бошқа шаҳарлари билан алоқалари ҳақида маълумот берган. 

Унинг айтишича, Бразилиа шаҳри 1960 йилда ўша даврдаги мамлакат Президенти Жуселино Кубичек томонидан пойтахтни гавжум Рио-де-Жанейро шаҳридан кўчириш учун ташкил этилган. 

«Бразилия Конституциясига асосан, Бразилиа федерал округ ҳисобланиб, штат ва муниципалитет мақомига эга бўлмаган алоҳида сиёсий-маъмурий тузилма ҳисобланади. Ҳозирда пойтахт мамлакатдаги учинчи йирик (4,2 миллион аҳоли) ва Жанубий Америкадаги киши бошига энг катта ЯИМ (22 минг доллар) тўғри келадиган шаҳар ҳисобланади», — деди Эмилиано Абреу.

Бразилиа 1987 йилда замонавий архитектураси ва ўзига хос бадиий шаҳарсозлик режаси сабабли Unesco’нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ва 2017 йилдан буён «Дизайн шаҳри» номини олиб, «ижодий шаҳарлар тармоғи»нинг (Creative Cities Network) бир қисми ҳисобланади.

Учрашув давомида Бразилия вакили Ўзбекистон пойтахти билан икки томонлама ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб, атроф-муҳит, соғлиқни сақлаш, шаҳар бошқаруви, энергетика, транспорт ва шаҳарсозлик каби соҳалар алоҳида қизиқиш касб этишини таъкидлаб ўтган. 

Бундан ташқари, жамоат хавфсизлиги, сув ресурслари, қаттиқ чиқиндилар, қайта тикланадиган энергия, маданий мерос ва спорт каби йўналишларда ҳам истиқболли муносабатлар ўрнатилишига истак борлиги маълум қилинган.