Ўзбекистон 2026 йилда музокараларни тўлиқ якунлаб, 2027 йилда Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг ЖСТга аъзолик жараёни бўйича ишчи гуруҳ раиси Сунг Ё Чои 3 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Тадбирда ишчи гуруҳ 2026 йилда иккита йиғилиш ўтказиб, аъзо давлатларнинг 400 дан ортиқ саволларига жавоблар ва 30 дан зиёд ҳужжат тақдим этгани айтилди. Шу билан бирга, товарлар ва хизматлар бозорларига кириш бўйича икки томонлама музокараларда сезиларли натижаларга эришилгани билдирилди.
“Ўзбекистон музокараларни жорий йилда якунлаш ва 2027 йилда ЖСТга аъзо бўлишни мақсад қилган. Мамлакатнинг музокаралар гуруҳи юқори салоҳиятга эга ва жараёнда жиддий ёндашувни намоён этмоқда. Жамоа ҳатто музокаралар қийин кечаётган ёки кутилганидек бормаётган вазиятларда ҳам ўз мақсадига содиқ қолиб, изчил иш олиб бормоқда. ЖСТга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг ташкилотга кириш жараёнини қўллаб-қувватлаяпти ва унинг муваффақиятли якунланишидан манфаатдор. Бироқ бу музокаралар осон кечяпти, дегани эмас. Ҳар бир аъзо давлатнинг ўз манфаатлари ва алоҳида эътибор қаратадиган масалалари бор. Ҳозирги асосий вазифа — мавжуд умумий қўллаб-қувватлашни қолган масалалар бўйича аниқ келишувларга айлантиришдан иборат”, деди Сунг Ё Чои.
Ишчи гуруҳ раҳбарининг айтишича, аъзолик учун ишлар иккита асосий йўналишда олиб борилмоқда. Биринчи йўналиш — бозорларга кириш имкониятларини кенгайтириш бўлиб, жараён ЖСТга аъзо бўлиш истагидаги давлатлар билан товарлар ва хизматлар савдоси бўйича икки томонлама музокараларни ўз ичига олади. Ўзбекистон ҳозирга қадар ташкилотга аъзо давлатлар билан 30 дан ортиқ келишувга эришган. Бу катта натижа ҳисобланиб, яқин мазкур йўналишдаги ишлар якунланиши кутилаётгани билдирилди.
“Иккинчи йўналиш — ЖСТ қоидаларига мувофиқлашиш. Бунда Ўзбекистоннинг ташқи савдо тартиб-таомиллари ўрганилади ҳамда уларни ЖСТ талабларига мослаштириш учун зарур мажбуриятлар белгиланади. Бу жуда катта ҳажмдаги техник ишларни талаб қилди. Уларнинг салмоқли қисми ишчи гуруҳ ҳисоботининг дастлабки лойиҳасида акс этган”, деди Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолик жараёни бўйича ишчи гуруҳ раиси.
Сунг Ё Чои ўз нутқида республиканинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни тўғри йўналишда давом этаётганини таъкидлади. Бу борада сезиларли натижаларга эришилганини айтди. Навбатдаги вазифа эса эришилган ютуқларни барча аъзо давлатлар қўллаб-қувватлай оладиган тўлиқ аъзолик пакетига айлантиришдан иборатлигини маълум қилди.
Мулоқот давомида ташкилотга аъзо бўлиш йўлида ҳозиргача қатор ишлар амалга оширилгани санаб ўтилди. Жумладан, авваллари рухсатнома асосида экспорт қилинадиган маҳсулотлар рўйхати бекор қилинган. Натижада шаффоф ва очиқ бўлган экспорт божлари механизми жорий этилган. Яъни товарларни тегишли божни тўлаган ҳолда Ўзбекистондан бемалол олиб чиқиши мумкин бўлмоқда.
“Йирик давлат корхоналарининг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинди. Электр ва газнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси, шунингдек иккиламчи ва рангли металларлар экспорти ҳамда импорти билан хусусий сектор ҳам шуғулланиши кафолатланди. Мазкур ислоҳотлар натижаси ўлароқ аъзолик жараёнининг энг сўнгги босқичига келдик. Биз 30 дан ортиқ давлатлар билан музокараларни якунладик. Ҳозирда эса кўп томонлама музокараларда Ўзбекистондан Жаҳон савдо ташкилоти аъзолари томонидан сўралаётган мажбуриятлар муҳокамаси амалга оширилмоқда. Бунда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб тегишли позициялар шакллантирилмоқда ва музокаралар жадал суръатларда давом эттирилмоқда”, деди Президент администрацияси масъул ходими Искандарбек Генжаев.
Аввалроқ президент фармони билан Ўзбекистон 2026 йил декабрь ойида ЖСТга аъзоликни расмийлаштириш босқичига ўтиши белгиланганди. Ҳужжатда йил давомида мамлакат қонунчилигини ташкилот талабларига мослаштириш ишлари якунланиши кўзда тутилган.
2025 йил октябрда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши учун учта мамлакат розилиги қолгани ва мамлакат 2026 йилда ташкилот аъзосига айланишини маълум қилган.


