Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 25август · Сешанба
USD 11 818,07 ▼ −35,48 EUR 13 788,14 ▼ −81,70 RUB 141,69 ▼ −0,17 GBP 16 118,67 ▼ −70,91
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистон давлат қарзи 48,32 млрд долларга етди

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2026 йил иккинчи чораги якунида 48,32 млрд долларга етди. Бу биринчи чорак якунига нисбатан 1,33 млрд долларга ёки қарийб 2,8 фоизга кўп.

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2026 йилнинг иккинчи чорагида 48,315 млрд долларни ташкил этди. Биринчи чорак якунида бу кўрсаткич 46,985 млрд доллар эди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумот берди.

Жадвалга кўра, давлат қарзининг дастлабки прогноз қилинган ялпи ички маҳсулотга нисбати ҳам 26,3 фоиздан 27 фоизгача ошган. Қарзнинг асосий қисмини ташқи қарз ташкил этмоқда. Иккинчи чорак якунида давлат ташқи қарзи 40,711 млрд долларга етиб, жами давлат қарзининг 84 фоизини ташкил қилган. Биринчи чоракда ташқи қарз 39,776 млрд доллар ёки жами қарзнинг 85 фоизига тенг эди.

Шу тариқа, давлат ташқи қарзи бир чоракда 935 млн долларга ошган. Ташқи қарзнинг 21,716 млрд доллари қатъий белгиланган фоиз ставкасида, 18,728 млрд доллари эса ўзгарувчан фоиз ставкасида жалб қилинган. Фоизсиз ташқи қарз ҳажми 266 млн долларни ташкил этган.

Валюта таркибида ташқи қарзнинг 38,639 млрд доллари чет эл валютасида, 2,072 млрд доллари эса миллий валютада деноминация қилинган. Давлат ички қарзи эса биринчи чоракдаги 7,209 млрд доллардан иккинчи чорак якунида 7,604 млрд долларгача ошган. Унинг жами давлат қарзидаги улуши 15 фоиздан 16 фоизгача кўтарилган.

Ички қарзнинг 5,846 млрд доллари қатъий фоиз ставкасида жалб қилинган, 1,718 млрд доллари эса фоизсиз қарз ҳиссасига тўғри келади.

Муддатлар бўйича давлат қарзининг катта қисми узоқ муддатли мажбуриятлардан иборат. Жумладан, ташқи қарзнинг 39,292 млрд доллари бир йилдан ортиқ муддатда сўндириладиган қарзлардир. Ички қарзнинг шу тоифадаги қисми 5,435 млрд долларни ташкил этган. Ҳисоб-китобларда 2026 йил учун дастлабки прогноз қилинган ЯИМ кўрсаткичидан фойдаланилган.