Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 12ноябр · Пайшанба
USD 11 964,27 ▼ −9,75 EUR 13 323,41 ▼ −109,05 RUB 144,49 ▼ −0,09 GBP 15 924,44 ▼ −151,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

«Сўнгги ўн йилда иқтисодиётимизда сув сарфи деярли икки баравар камайди» — Президент

Шавкат Мирзиёевнинг COP31 иқлим саммитида айтишича, сўнгги ўн йилда Ўзбекистон иқтисодиётида сув сарфи деярли икки баравар, ҳавзалардан олинаётган сув миқдори эса бешдан бир қисмга камайган. Суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон иқтисодиётида сув сарфи деярли икки баравар, ҳавзалардан олинаётган сув миқдори эса бешдан бир қисмга камайган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Анталияда бўлиб ўтаётган COP31 доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида сўзлаган нутқида маълум қилди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

COP31 — БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси.

Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатда суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Ерларни қайта тиклаш натижасида ўрмонлар майдони олти миллион гектарга кўпайтирилган, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келади.

Мирзиёев давлат сиёсатида ёшлар масаласи марказий ўрин тутишини ҳам таъкидлади.

«Мамлакатимизда болаларнинг экологик тарбияси оила, маҳалла ва мактабдан бошланади. Ёш авлодга сувни тежаш, дарахтларни парвариш қилиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш боғчаданоқ ўргатилади», — деди Президент.

Матбуот хизматига кўра, Ўзбекистонда ҳар бешинчи фуқаро мактаб ўқувчиси ёки талаба. Хизмат бу 2050 йилга бориб аҳолининг тўртдан уч қисми табиатга ғамхўрлик руҳида таълим олишини англатишини қайд этди.

Президент иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни бирорта давлат ёлғиз ҳал қила олмаслигини айтди.

«Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув танқислиги, қурғоқчилик каби хатарларнинг кўлами ортмоқда. Умумий таҳдидлар минтақа давлатларидан муштарак ҳаракатларни талаб қилади», — деди у.