Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 5ноябр · Пайшанба
USD 11 935,37 ▲ +23,66 EUR 13 432,07 ▲ +112,40 RUB 145,58 ▼ −0,91 GBP 16 093,65 ▲ +118,86
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Марказий банк Ўзбекистонда кредит ва омонат ставкалари яқин 3−4 йилда пасайишини кутмоқда

Кредитлар бўйича ўртача ставкалар бир йилдаёқ 2−3 фоиз бандига тушди. Банклар йиллик 18 фоиздан юқори ставкали омонатларни тобора кам таклиф қилмоқда.

Фото: ТАСС

Марказий банк раисининг ўринбосари Нодирбек Ачилов 4 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолганига қарамай, тижорат банкларида кредит фоиз ставкалари нега юқорилигича қолаётгани ва улар қачон пасайиши мумкинлигини тушунтирди.

ЎзА мухбирининг банклар нега ҳамон йиллик 20−34 фоиздан кредит бераётгани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Ачилов сўнгги ойларда бозорда фоиз ставкаларининг пасайиш тенденцияси кузатилаётганини таъкидлади.

«Вақт қаторида кузатадиган бўлсак, умумий ставкаларда пасайиш тенденцияси бор. Масалан, 2025 йил август ойлари билан солиштирадиган бўлсак, кредитларнинг ставкалари қарийб 2−3 фоиз бандгача пасайди — ўртача ставкалар», — деди у.

Марказий банк раисининг ўринбосари сўзларига кўра, кредит қиймати унинг мақсади, муддати ва ажратиш шартларига қараб фарқ қилади. Хусусан, инвестиция кредитлари бўйича ставкалар, одатда, қисқа муддатли истеъмол кредитларига нисбатан паст бўлади.

Ачилов ипотека кредитлари бўйича ставкалар ҳам пасайганини алоҳида қайд этди. Унинг айтишича, уч-тўрт йил аввал уй-жой кредитлари йиллик 24−25 фоиздан берилган бўлса, ҳозир бозорда тахминан 18 фоизлик таклифлар ҳам учрайди.

Шу билан бирга, энг юқори ставкалар микрокредитлар, гаровсиз қисқа муддатли кредитлар, шунингдек, онлайн хизматлар орқали тезкор тарзда ажратиладиган қарзлар бўйича сақланиб қолмоқда. Бироқ регулятор баҳосига кўра, бу сегментда ҳам ставкалар аста-секин пасаймоқда.

Нега кредитлар қимматлигича қолмоқда?

Ачилов юқори фоиз ставкаларининг сабабларидан бири сифатида 2017 йилда иқтисодиётни либераллаштириш бошлангунига қадар тўпланиб қолган катта кредит талабини келтирди.

Унинг сўзларига кўра, илгари аҳолининг банк кредитларини олиш имкониятлари чекланган эди. Молия секторини либераллаштиришдан кейин бу талаб тижорат банклари орқали қондирила бошлади. Бу эса қарз маблағлари қийматининг юқорилигича қолишига олиб келди.

«2017 йилгача бўлган даврда кредитларга бўлган жуда катта талаб шаклланиб, йиғилиб қолган эди. Иқтисодиётимиз эркинлаша бошлагандан кейин, 2017 йилдан буёғига худди шу талаб банк тизимига кириб кела бошлади. Авваллари, эътибор берсангиз, жисмоний шахсларда кредит олиш имкониятлари жуда паст бўлган… Юқори талаб акс этганлигидан ставкалар юқори шаклланди», — дея тушунтирди Марказий банк раисининг ўринбосари.

Регулятор баҳосига кўра, ҳозир кредит бозори аста-секин тўйинмоқда, қарз маблағларига бўлган талаб эса мувозанатлашмоқда.

Ачилов кредитларнинг қимматлигига сабаб бўлган яна бир омил сифатида ўтган йилларда ички жамғармалар ҳажми етарли бўлмаганини кўрсатди.

У кредит ажратиш учун банклар маблағ жалб қилиши кераклигини тушунтирди. Бу, аввало, аҳоли ва бизнес депозитлари ёки ташқи молиялаштириш ҳисобига амалга оширилади. Узоқ вақт давомида банкларнинг депозит базаси нисбатан кичик бўлиб қолган, кредитларга бўлган эҳтиёж эса тез ўсган.

«Ўтган 10 йилликда иқтисодиётда жамғариш суръати жуда паст бўлган…Банкларга пул бериш учун ресурс зарур. Бу пул, ресурс ё ичкаридаги каналлардан, депозитлардан ёки ташқаридаги каналлардан жалб қилинади. Ва аввалги йилларда йиғилган талабга мутаносиб равишда ресурслар ҳам бунақа юқори бўлмаган банкларда», — деди Ачилов.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда банкларнинг депозит базаси фаол ўсмоқда. Бу эса кредитлаш учун қўшимча манбалар яратмоқда. Молиявий ресурслар таклифининг кўпайиши, ўз навбатида, фоиз ставкаларининг пасайишига ёрдам бериши керак.

Марказий банк раисининг ўринбосари йиллик даромадлилиги 18 фоиздан юқори бўлган депозит таклифлари ҳам тобора кам учраётганини айтди.

«Шунинг учун депозитларда ҳам пасайиш суръатларини кўряпмиз. Бугун 18 дан юқори депозит таклиф этаётган банклар қарийб кам жуда. Асосан 18 фоиз атрофида бўлди. Биз бунинг яна пасайишини кутяпмиз», — деди у.

Ставкалар қачон пасайиши мумкин?

Марказий банк яқин уч-тўрт йил ичида нафақат асосий ставка, балки банк кредитлари ва депозитлари қиймати ҳам пасайишини кутмоқда.

«Ўтиш даври бўлгани учун, эркинлаштириш бўлгани учун айрим талаб омиллари ҳисобига бу тезда келгани учун бозорга буни ҳазм қилиб олиш учун вақт талаб қилинди. Ва шу вақт давом этмоқда. Келгуси уч-тўрт йилда бу ўзининг мувозанатли даражаларига келади ва айнан бизнинг ҳам мақсадимиз шу», — деди Нодирбек Ачилов.

Шу билан бирга, у асосий ставканинг кейинги пасайтирилиши, биринчи навбатда, инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг барқарор секинлашишига боғлиқ бўлишини таъкидлади.

«Агар инфляция пасаймаса, кутилмалар пасаймаса, биз ставкани ундан пасайтира олмаймиз. Бу биз учун ҳар доим ҳал қилувчи омил, инфляцияга, инфляция кутилмаларига боғлиқ», — деди Марказий банк раисининг ўринбосари.

Ставкаларни янада пасайтириш мақсадида Марказий банк Халқаро валюта жамғармаси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик қилмоқда. Ачиловнинг сўзларига кўра, регулятор банк секторида рақобат кучайиши, кредит маҳсулотлари таклифи кенгайиши ва ўзгарувчан фоиз ставкаларига эга молиялаштириш воситалари ривожланишидан ҳам умид қилмоқда.

Шу билан бирга, Ачилов ставкалар умумий пасайган тақдирда ҳам гаровсиз ва тезкор ажратиладиган кредитлар нисбатан қимматлигича қолиши мумкинлигини қайд этди.