Рақобат қўмитаси WB Taxi МЧЖни такси хизматлари агрегаторлари бозорида устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб топди. Бу ҳақда қўмита хабар берди.
Агрегатор — йўловчилар такси буюртмасини жойлаштирадиган ва ҳайдовчилар уни қабул қиладиган воситачи платформа.
Қарорга кўра, компания фаолиятида монополияга қарши комплаенс тизими мажбурий тартибда жорий этилади. Бу — компания рақобат қонунчилигини бузмаслиги учун ички қоидалар ва назорат тизими. Қўмита устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш учун компания фаолиятини мониторинг қилиб боришини маълум қилди.
Устун мавқе — компаниянинг бозордаги рақобатга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, бошқа ўйинчиларнинг бозорга киришини қийинлаштириш имкониятига эга бўлган ҳолати. Қонунчиликка кўра, бу, хусусан, компаниянинг бозор улуши 40 фоиз ва ундан юқори бўлганда белгиланади.
Қўмита WB Taxi’нинг бозордаги улуши, буйруқ қачон қабул қилингани ва компания устун мавқега эга деб топилишига нима асос бўлганини маълум қилмади.
Олдинроқ Рақобат қўмитаси такси агрегаторларида тиғиз вақтларда йўлкира нархлари бир неча бараваргача ошгани юзасидан ўрганиш бошлаганди. 2025 йилда эса Uzum Tezkor тайёр овқат етказиб бериш бозорида устун мавқега эга деб топилганди.


