Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 22октябр · Пайшанба
USD 11 965,51 ▼ −46,79 EUR 13 437,27 ▼ −29,72 RUB 145,96 ▲ +0,63 GBP 16 029,00 ▲ +2,19
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистонда сентябрда инфляция секинлашди

МБ 2027 йил якунига қадар инфляцияни 5 фоизга туширишни мақсад қилган. Шу билан бирга, ташқи бозорлардаги нархлар ва мамлакат ичидаги айрим омиллар сабаб инфляцион босимлар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистонда 2026 йил сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси 6,4 фоизгача пасайди. Бу ҳақда 21 октябрь куни ўтказилган брифингда Марказий банк Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти бошқарма бошлиғи Зарина Нурбердиева маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда инфляциянинг пасайиш тенденсияси давом этмоқда. Сентябрь ойида базавий инфляция 5,5 фоизни ташкил қилган. Шу билан бирга, нархлари йилига 5 фоиздан кўпроқ ошаётган товар ва хизматлар улушининг ортиши иқтисодиётда нарх босимлари сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳам пасайган. Бироқ уларнинг пасайиш суръати умумий инфляцияга нисбатан секинроқ бўлиб, нарх белгилаш жараёнларида инфляцион инерсия таъсири давом этмоқда.

Марказий банк маълумотларига кўра, иқтисодиётда ялпи талабнинг ошишига инвестицион фаоллик, аҳоли даромадлари ва пул ўтказмаларининг кўпайиши, бюджет харажатларининг юқори даражада шаклланиши ҳамда олтинсиз экспортнинг жадал ўсиши таъсир қилган.

Шу билан бирга, сўнгги ойларда талабнинг айрим таркибий қисмларида барқарорлашув белгилари кузатилмоқда. Хусусан, кредитлар ўсиш суръати босқичма-босқич мақбуллашмоқда, ижобий реал фоиз ставкалари эса аҳолининг жамғаришга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватламоқда.

Марказий банк инфляцияни ошириши мумкин бўлган ташқи ва ички хатарлар сақланиб қолаётганини қайд этди. Жумладан, жаҳон бозорларида хом ашё, озиқ-овқат ва энергия нархларининг юқорилиги импорт маҳсулотлари ҳамда транспорт-логистика харажатлари орқали ички нархларга босим ўтказиши мумкин.

Айрим асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг қадрсизланиши фонида сўмнинг реал самарали алмашув курси йил давомида мустаҳкамланаётгани эса импорт нархлари орқали юзага келадиган инфляцион босимни юмшатмоқда.

Ички хатарлар қаторида тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш жараёни қайд этилган. Бу ишлаб чиқариш харажатлари ва хизматлар нархининг ошиши орқали қўшимча инфляцион таъсирларни келтириб чиқариши мумкин.

Регулятор ушбу хатарларни чеклаш ва инфляцион кутилмаларнинг изчил пасайишини таъминлаш учун қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш зарур деб ҳисобламоқда. Марказий банк 2027 йил якунига қадар инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушириш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлашда давом этишини билдирди.