Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Солиқ қўмитаси ўзини ўзи банд қилган такси ҳайдовчилари камайгани ҳақидаги хабарни рад этди

Маълумотларга кўра, 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига йўловчи ташиш соҳасида жами 782,5 минг нафар ўзини ўзи банд қилган шахс бўлган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 777,1 минг нафарни ташкил этган.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган таксичилар сони сезиларли даражада қисқаргани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Қўмита хабарларда «айрим методологик ноаниқликлар» мавжудлигини таъкидлади.

Маълумотларга кўра, 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига йўловчи ташиш соҳасида жами 782,5 минг нафар ўзини ўзи банд қилган шахс бўлган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 777,1 минг нафарни ташкил этган.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан 1 сентябргача агрегаторлар орқали йўловчи ташиган ўзини ўзи банд қилганлар сони 481 117 нафарни ташкил этган. 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 481 149 нафар бўлган.

Қўмита бу икки кўрсаткични тўғридан-тўғри таққослаб бўлмаслигини билдирди. Биринчи ҳолатда маълум бир санадаги жами рўйхатдан ўтган ўзини ўзи банд қилганлар сони, иккинчисида эса маълум давр мобайнида агрегаторлар орқали ишлаган шахслар сони назарда тутилган.

«Аслида йўловчи ташиш соҳасидаги ўзини ўзи банд қилганлар сони 5 минг нафарга ошган, такси агрегаторлари орқали йўловчи ташиганлар сони эса атиги 32 нафарга камайган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, 2026 йилнинг саккиз ойида аёл ҳайдовчилар сони 4107 нафарни ташкил этиб, бир йил аввалги кўрсаткичдан 354 нафарга ёки 10%га ошган.

Шу даврда ўзини ўзи банд қилган таксичилар 329,1 млн та йўловчи ташувини амалга оширган. Уларнинг умумий қиймати 7,16 трлн сўмни ташкил этган. Ташувлар сони 9%га, умумий қиймати эса 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 23%га ошган.

Солиқ қўмитаси барқарор кўрсаткичлар ва соҳага қизиқиш сақланиб қолаётганини ҳисобга олиб, йил охиригача такси агрегаторлари орқали ишлаётган ўзини ўзи банд қилганлар сони янада ошишини кутмоқда.

Таъкидланишича, бу аҳоли бандлигини таъминлаш, расмий даромад манбаларини кенгайтириш ва хизматлар бозори шаффофлигини оширишга хизмат қилади.