Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 11ноябр · Чоршанба
USD 11 974,02 ▼ −20,08 EUR 13 432,46 ▲ +12,26 RUB 144,58 ▼ −1,21 GBP 16 076,32 ▼ −11,37
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Божхона қўмитаси: IMEI тизими бекор қилинса, фирибгарликка йўл очилади

Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжоновнинг айтишича, IMEI рўйхатдан ўтказиш тизими ўғирланган телефонларни блоклаш, фирибгарликни аниқлаш ва телефон савдосини яширин иқтисодиётдан чиқариш учун ҳам зарур. «Қачонгача норасмий, арзон нарса олишимиз керак деб юрамиз? Инсонга сертификати ва кафолати бор расмий телефон керак. Истеъмолчи ҳуқуқини давлат идораси таъминламаса, ким таъминлайди?» — деди у.

Телефон дўконида харидорга смартфон қутиси узатилмоқда
Иллюстратив фото. Фото: NSYS Group / Unsplash

IMEI рўйхатдан ўтказиш тизимидан воз кечилса, фирибгарлик ва телефонларнинг норасмий савдоси учун «катта дарвоза» очилади. Бу фикрни Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов 11 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида билдирди, деб хабар беради Dinor.uz мухбири.

IMEI — ҳар бир мобил телефонга бериладиган 15 хонали ноёб рақам. Ўзбекистонда хориждан олиб кирилган телефонлар шу рақам орқали рўйхатдан ўтказилади.

Олимжонов тизимнинг тўрт вазифасини санаб ўтди. Биринчиси — қурилмани аниқлаш. Иккинчиси — ўғирликнинг олдини олиш: телефон ўғирланса, эгаси IMEI рақамини тегишли марказга беради ва қурилма Ўзбекистонда блокланади. Учинчиси — харидор ҳуқуқини ҳимоя қилиш: телефон сотиб олишдан олдин унинг рўйхатдан ўтганини текшириш мумкин. Тўртинчиси — телефон савдосини яширин иқтисодиётдан чиқариш.

Мансабдорнинг сўзларига кўра, тизим хавфсизлик учун ҳам керак. У банк карталари IMEI рақамига боғланганини, шу сабабли карта орқали фирибгарлик қилинганда қайси қурилмадан фойдаланилганини аниқлаш мумкинлигини айтди.

Олимжонов телефонларни норасмий йўл билан олиб кириш ва сотиб олишни ҳам танқид қилди.

«Қачонгача норасмий, арзон нарса олишимиз керак деб юрамиз? Инсонга сертификати ва кафолати бор расмий телефон керак. Истеъмолчи ҳуқуқини давлат идораси таъминламаса, ким таъминлайди?» — деди у.

Олдинроқ Ўзбекистонга телефон импорти саккиз ойда салкам 20 фоизга ошгани хабар қилинганди. 2027 йил 1 январдан эса жисмоний шахслар божсиз меъёрдан ортиқ олиб кирадиган товарлар, жумладан телефонлар учун ягона божхона тўлови 30 фоиздан 20 фоизга туширилади.