Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 11ноябр · Чоршанба
USD 11 974,02 ▼ −20,08 EUR 13 432,46 ▲ +12,26 RUB 144,58 ▼ −1,21 GBP 16 076,32 ▼ −11,37
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

ОТБ Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун 60 млн доллар қарз ажратди

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга чорвачилик лойиҳаси учун 60 млн долларлик имтиёзли қарзни маъқуллади. Лойиҳа беш ҳудуддаги қарийб 29 минг кичик фермер хўжалигини қамраб олади, унга қўшимча 8 млн доллар грант ҳам ажратилади.

Тоғ этагидаги яйловда қўй сурувлари
Иллюстратив фото. Нурота ботиғидаги қўй сурувлари. Фото: Carpodacus / Wikimedia Commons, CC BY-SA 4.0

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда чорвачиликни барқарор ривожлантириш лойиҳаси учун 60 млн долларлик имтиёзли қарзни маъқуллади. Бу ҳақда банк хабар берди.

Лойиҳа Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистондаги қарийб 29 минг кичик фермер хўжалигини қамраб олади. Унинг доирасида яйловларни бошқариш яхшиланади, қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли озуқабоп экинлар экиш кенгайтирилади, чорва суғориш пунктлари тикланади ва ветеринария хизматлари кучайтирилади.

Қарзга қўшимча равишда Яшил иқлим жамғармаси 5 млн доллар, Япония ҳукумати ОТБ орқали молиялаштирадиган JFPR жамғармаси эса 3 млн доллар грант ажратади. Шу тариқа лойиҳанинг умумий молиялаштирилиши 68 млн долларга етади.

Лойиҳада рақамли ечимлар ҳам кўзда тутилган: яйловларни сунъий интеллект ёрдамида кузатиш тизими ва фермерларга тавсия ҳамда қурғоқчилик ҳақида эрта огоҳлантириш юборадиган мобил илова. Чорвачилик билан шуғулланувчи аёллар учун ем-хашак ишлаб чиқариш бўйича ўқув дастурлари ташкил этилади.

ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая чорвачилик соҳаси тобора кучайиб бораётган қурғоқчилик, ҳаддан ташқари иссиқ ҳаво ва сув танқислиги таъсирига дуч келаётганини айтди.

Қарзнинг фоиз ставкаси, қайтариш муддати ва лойиҳани амалга ошириш даври маълум қилинмаган.

Олдинроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга электр тармоқларини модернизация қилиш учун 100 млн доллар қарз ажратгани хабар қилинганди.