Навоий вилоятида 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида аҳоли жон бошига 192,4 млн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Бу республика бўйича ўртача кўрсаткичдан (27,6 млн сўм) қарийб 7 баравар кўп. Бу Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.
Тўққиз ойда мамлакатда 1 085,7 трлн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди, ишлаб чиқариш ҳажми 8,1 фоизга ошди. Унинг 229 трлн сўми, яъни 21,1 фоизи Навоий вилоятига тўғри келди. Вилоятда олтин қазиб олувчи Навоий кон-металлургия комбинати фаолият юритади.
Саноатнинг ярмидан кўпи учта ҳудудда жамланган: Навоий вилояти, Тошкент шаҳри (187,2 трлн сўм) ва Тошкент вилояти (175,5 трлн сўм) биргаликда жами ишлаб чиқаришнинг 54,5 фоизини берди.
Аҳоли жон бошига кўрсаткич бўйича Навоийдан кейин Тошкент шаҳри (57,6 млн сўм) ва Тошкент вилояти (46,4 млн сўм) туради. Энг кам саноат ишлаб чиқарадиган ҳудудлар — Сурхондарё (22,6 трлн сўм) ва Сирдарё (24,3 трлн сўм) вилоятлари. Навоий вилояти Сурхондарёга нисбатан 10 баравар кўп маҳсулот ишлаб чиқарди.
Ўсиш суръати бўйича эса Жиззах вилояти олдинда: у ерда саноат ишлаб чиқариши 13,1 фоизга ошди, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 11 фоизга ўсди. Самарқанд (9,5 фоиз) ва Наманган (9 фоиз) вилоятларида ҳам ўсиш республика ўртачасидан юқори бўлди. Навоийда эса саноат 7,4 фоизга, Қорақалпоғистонда 7,1 фоизга ошди — бу энг паст кўрсаткичлар.
Олдинроқ НКМК олтин сотувидан олти ойда 2,38 млрд доллар соф фойда олгани хабар қилинганди.


