Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг хизмат нархлари ва инсофсиз рақобат аломатлари юзасидан ўрганиш бошлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Сўнгги кунларда йирик такси агрегаторларида кузатилган техник носозликлар фонида бошқа агрегаторларда ҳам тиғиз вақтларда йўлкира нархлари бир неча бараваргача қимматлашгани жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган.
Ўрганиш давомида нархлар ошишининг асослилиги ҳамда агрегаторлар томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қўмита такси агрегаторларини нархларни шакллантириш алгоритмларини қайта кўриб чиқиш ҳамда хизматлар нархининг кескин ва сунъий ошишига йўл қўймасликка чақирди.
Шунингдек, ҳайдовчиларнинг маблағларини ўз ҳисобларига ўтказишдаги носозликларни бартараф этиш, асоссиз блокланган ҳайдовчиларни блокдан чиқариш ҳамда бажарилган буюртмалар учун бонусларни қайта ҳисоблаб, тўлаб бериш сўралди.
Агрегаторларга инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик, ҳайдовчилар ва йўловчилар учун туну кун ишлайдиган техник ёрдам марказлари фаолиятини таъминлаш зарурлиги ҳам билдирилди.
Қўмита рақобат қонунчилиги талаблари бузилгани ёки истеъмолчилар ҳуқуқлари поймол этилгани аниқланса, белгиланган тартибда текширув ўтказилиши ва тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.


