Ўзбекистонда 2026 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра акциядорларга Марказий депозитарий орқали 7,8 трлн сўмдан ортиқ дивиденд тўланди. Бу ўтган йилнинг шу давридагидан 6 баравардан кўп. Бу ҳақда капитал бозорини тартибга солувчи Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълум қилди.
Мамлакатда акциядорлар сони 1 млн 122 мингдан ошди, бу ўтган йилнинг шу давридагидан 10,8 фоиз кўп. Улардан 1 млн 56 минг нафари жисмоний шахслар, уларнинг сони йил бошидан буён 108 мингдан ортиқ кўпайган. Облигация эгалари сони эса 1,8 баравар ошиб, 4 мингдан ортди.
Ўн ойда «Тошкент» Республика фонд биржасида 16,6 трлн сўмлик қимматли қоғозлар савдоси бўлди. Тузилган битимлар сони 2,8 баравар ошиб, 1,1 млн тага яқинлашди. Энг тез ўсган йўналиш корпоратив облигациялар бўлди: улар савдоси 8 баравардан кўпроқ ошиб, 6,1 трлн сўмни ташкил этди.
Корпоратив облигациялар чиқариш ҳажми 2,6 баравар ошиб, 8,2 трлн сўмдан ортди. Илк бор 200,9 млрд сўмлик ипотека облигациялари чиқарилди, умумий қиймати 100 млн доллар бўлган 5 та валюта облигацияси рўйхатдан ўтказилди.
Ўн ойда инвесторлар фойдасига 19,1 млрд сўм дивидендни ундириш бўйича суд қарорлари чиқарилди, бу суммада 2 баравар кўп. 14 та даъво аризасидан 13 таси тўлиқ қаноатлантирилди, 71 та маъмурий баённомадан 67 таси бўйича суд қарори чиқарилди. Бозор иштирокчиларига 200 дан ортиқ ижроси мажбурий кўрсатма берилди.
Агентлик шу даврда 5 та инвестиция воситачиси ва 2 та ишончли бошқарувчига лицензия берди, 3 та инвестиция маслаҳатчисига тасдиқнома расмийлаштирди. 10 та лицензия эгасининг ўзи томонидан бекор қилинди, 1 таси 6 ой муддатга тўхтатилди.


