Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 26 706 та BYD автомобили ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 13 730 тадан 94,5 фоиз кўп. Бу Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.
Шу даврда мамлакатда жами 356 318 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилди, бу 9,2 фоиз кўп. BYD’нинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши 4,2 фоиздан 7,5 фоизга кўтарилди. Ишлаб чиқариш ҳажми бўйича у KIA’дан ўзиб, Onix’га деярли тенглашди.
Энг кўп ишлаб чиқарилган модель ҳамон Cobalt: 9 ойда 120 672 та, бу 4 фоиз кўп. Бироқ унинг улуши 35,5 фоиздан 33,9 фоизга тушди.
Бошқа моделлар бўйича ўзгариш турлича бўлди. KIA ишлаб чиқариш 26,3 фоизга ошиб, 24 801 тага, Onix 20,6 фоизга кўпайиб, 27 247 тага етди. Haval 11,3 фоиз, Chery 4,9 фоиз ўсди. Tracker ишлаб чиқариш ўтган йил даражасида қолди — 34 080 та.
Damas ишлаб чиқариш эса 67 879 тадан 63 401 тага, яъни 6,6 фоизга камайди. Шу билан бирга, рўйхатда янги модель — Chevrolet Damas Move пайдо бўлди: 9 ойда унинг 2 137 таси ишлаб чиқарилган. TANK 500 ишлаб чиқариш деярли тўхтаган: ўтган йили 47 та, бу йил атиги 2 та.
Юк автомобиллари ишлаб чиқариш 23 фоизга ошиб, 4 447 тага, автомобиль двигателлари ишлаб чиқариш 5,6 фоизга кўпайиб, 184 686 тага етди.
Олдинроқ Ўзбекистон автомобиль бозорида электромобиллар таклифи ошиб бораётгани хабар қилинганди.


