Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида йирик саноат корхоналари 27 млрд куб метр табиий газ қазиб олди. Бу ўтган йилнинг шу давридагидан 5,3 млрд куб метр, яъни 16,4 фоиз кам. Бу Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.
Газ қазиб олиш икки йилдан буён қисқармоқда: 2024 йилнинг шу даврида у 33,7 млрд куб метр, 2025 йилда 32,3 млрд куб метр бўлган. Икки йилда пасайиш қарийб 20 фоизни ташкил этди.
Газ конденсати қазиб олиш 849,2 минг тоннадан 729,2 минг тоннага, яъни 14,1 фоизга камайди. Нефть қазиб олиш 1,6 фоиз қисқариб, 482,2 минг тоннани ташкил этди. Кўмир қазиб олиш эса 5,8 млн тоннадан 5,4 млн тоннага тушди.
Ёқилғи ишлаб чиқаришда манзара бошқача. Дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш 11,7 фоизга ошиб, 979 минг тоннага етди, бу 2024 йилгидан 22,9 фоиз кўп. Автомобиль бензини ишлаб чиқариш 2,6 фоизга кўпайиб, 913,2 минг тоннани ташкил этди, бироқ бу кўрсаткич ҳали 2024 йилги 998 минг тонна даражасига қайтмаган.
Электр энергияси ишлаб чиқариш 7,3 фоизга ошиб, 67,2 млрд кВт·соатга етди. Ўсиш асосан кичик ишлаб чиқарувчилар ҳисобига бўлди: улар 22,8 млрд кВт·соат электр ишлаб чиқарди, бу 30,3 фоиз кўп. Йирик корхоналарда эса ишлаб чиқариш 1,5 фоизга камайди. Иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш 19,3 фоизга қисқарди.
Қўмита газ ва бошқа энергия ресурслари қазиб олиш камайиши сабабларини изоҳламаган. Маълумотлар фақат йирик корхоналар бўйича, 2024–2025 йиллар кўрсаткичлари эса йиллик баланс асосида аниқлаштирилган.


