Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 16октябр · Жума
USD 12 011,65 ▲ +48,49 EUR 13 462,66 ▲ +72,30 RUB 143,17 ▲ +0,84 GBP 15 911,83 ▲ +41,50
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда 2040 йилгача транспорт-логистика марказлари ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади

Марказлар учун керакли ишлаб чиқарилмайдиган керакли жиҳозлар 2029 йил 1 августгача божхона божидан ва мажбурий сертификатлашдан озод қилинади. Шунингдек, транспорт-логистика марказларининг йиллик қуввати камида 40 млн тоннага етказилади.

Ўзбекистон президентининг «Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарорга кўра, 2026−2030 йилларда транспорт-логистика тизимини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Жумладан:

  • транспорт-логистика марказларининг йиллик қуввати камида 40 млн тоннага етказилади;
  • транспорт ва логистика хизматлари экспорти 3,5 млрд АҚШ долларига, республика ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажми 18,5 млн тоннага етказилади;
  • республикадаги барча талабларга жавоб берувчи халқаро қуруқлик портлари сони ҳозирги 24 тадан 30 тага етказилади;
  • Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларининг юк ташиш қобилияти ва транспорт-логистика марказларида контейнерларга ишлов бериш қуввати икки баробарга оширилади.

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади.

Транспорт-логистика марказларида терминалларни бошқариш (TOS) ва омборни бошқариш (WMS) тизимлари жорий этилади ҳамда улар 2030 йил охиригача Транспорт вазирлигининг «E-logistika» платформасига уланади.

2040 йилгача транспорт-логистика марказлари ер солиғи ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилинади. Бунинг учун марказ ЭСКАТО қуруқлик портлари тўғрисидаги битимга киритилган, тизимларни жорий этган ва «E-logistika» платформасида «BB» ва ундан юқори рейтингга эга бўлиши шарт.

Транспорт-логистика марказлари реестрига киритилган марказлар учун 2029 йил 1 августгача ишлаб чиқарилмайдиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эхтиёт қисмлар божхона божидан ва мажбурий сертификатлашдан озод қилинади.

Қарорга кўра, 2027 йил 31 декабргача M2, M3, N тоифадаги транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар республикада ишлаб чиқарилмайдиган компонентларни божхона божи тўлашсиз импорт қилиши мумкин.