Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 4ноябр · Чоршанба
USD 11 911,71 ▼ −29,94 EUR 13 319,67 ▼ −63,34 RUB 146,49 ▼ −1,16 GBP 15 974,79 ▼ −42,55
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда валюта таклифи 25 фоизга, талаб эса 18 фоизга ошди. Улар ўртасидаги тафовут қисқарди — Марказий банк

Тўққиз ойда Ўзбекистонда хорижий валютага талаб 17,9 фоизга ошиб, 50,4 млрд долларга етди. МБ операцияларини ҳисобга олмаганда, валюта таклифи тезроқ — 25,3 фоизга ўсиб, 43,8 млрд долларни ташкил этди.

Фото: Марказий банк

Ўзбекистон ички валюта бозорида 2026 йил январь-сентябрь ойларида хорижий валюта таклифи талабга нисбатан тезроқ ўсди. Бу ҳақда Марказий банкнинг тўққиз ой якунлари бўйича ички валюта бозорига оид шарҳида маълум қилинди.

Регулятор маълумотларига кўра, хорижий валютага бўлган умумий талаб 50,4 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,9 фоизга ошган. Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаган ҳолда валюта таклифи эса 25,3 фоизга ўсиб, 43,8 млрд долларга етган.

Натижада талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут 2025 йил январь-сентябрь ойларидаги 7,8 млрд доллардан 2026 йилнинг шу даврида 6,6 млрд долларгача камайган. Бу қарийб 15 фоизга тенг.

Шу билан бирга, Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда, хорижий валютага бўлган талаб унинг таклифидан юқорилигича қолмоқда.

Уч йилда валюта бозоридаги вазият қандай ўзгарди?

Марказий банк статистикаси сўнгги уч йилда валютага бўлган талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут сезиларли ўзгарганини кўрсатмоқда.

2025 йилда хорижий валютага бўлган талаб 23,7 фоизга ўсган, таклиф эса атиги 3,7 фоизга кўпайган. Бу улар ўртасидаги тафовутнинг кескин ошишига олиб келган.

2026 йилда вазият ўзгарди: валюта таклифи 25 фоиздан кўпроққа ўсиб, талаб ўсишидан ўзиб кетди. Бироқ улар ўртасидаги фарқ 2024 йилдаги кўрсаткичдан анча юқорилигича қолмоқда.

Хорижий валютага бўлган талабнинг асосий қисмини корхоналар шакллантиради. Январь-сентябрь ойларида юридик шахслар 39,4 млрд долларлик валюта сотиб олган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 15,3 фоиз кўп. Жисмоний шахсларнинг талаби эса қарийб 11 млрд долларни ташкил этиб, 27,9 фоизга ошган.

Шу билан бирга, юридик шахслар томонидан хорижий валюта таклифи 26,7 фоизга кўпайган. Бу улар талабининг ўсиш суръатидан анча юқори.

Экспортчилар валюта сотувини учдан бирга оширди

Корхоналарнинг экспорт тушумлари валюта таклифининг асосий манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.

2026 йил январь-сентябрь ойларида экспорт тушуми 28,1 фоизга ошиб, 16,6 млрд долларни ташкил этди. Ушбу маблағнинг 9,5 млрд доллари ёки 57,2 фоизи ички бозорда сотилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ёки қарийб 2,4 млрд долларга кўп.

Ички бозорда сотиладиган экспорт тушуми улуши ҳам ошиб бормоқда:

  • 2024 йил январь-сентябрь ойларида корхоналар 5,8 млрд долларлик ёки экспорт тушумининг қарийб 53 фоизини сотган.
  • 2025 йилнинг шу даврида — 7,1 млрд долларлик ёки 55 фоизини.
  • 2026 йилда эса — 9,5 млрд долларлик ёки 57,2 фоизини.

Шу тариқа, икки йилда ички валюта бозорида экспорт тушумини сотиш ҳажми қарийб 63 фоизга ошган.

Аҳоли банкларга қарийб 19 млрд долларлик валюта сотди

Аҳолининг тижорат банклари билан операциялари ҳам хорижий валюта таклифининг қўшимча манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Тўққиз ой давомида фуқаролар банкларга 18,9 млрд доллар сотган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,4 фоизга кўп. Шу билан бирга, аҳоли 11 млрд долларлик валюта сотиб олган — бу ўтган йилга нисбатан 27,9 фоизга кўп.

Фуқаролар банкларга сотган хорижий валюта ҳажми сотиб олганидан 7,9 млрд долларга кўп бўлган (ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 6,7 млрд долларни ташкил этган).

Икки йилда аҳоли томонидан банкларга сотилган валюта ҳажми қарийб 60 фоизга ошган.

Шу билан бирга, 2026 йилда фуқароларнинг хорижий валюта хариди уни сотишга нисбатан бироз тезроқ ўсган: мос равишда 27,9 ва 23,4 фоиз.

Gazeta аввалроқ 2025 йилнинг биринчи ярмида аҳоли банкларга сотган валюта ҳажми сотиб олганидан 3,7 млрд долларга кўп бўлгани ҳақида ёзганди. Ўшанда ижобий сальдо 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 42,8 фоизга ошган.

2025 йил якунлари бўйича аҳолининг хорижий валютани сотиши ва харид қилиши ўртасидаги фарқ 9,7 млрд долларга етган. Бу аввалги йил кўрсаткичидан 1,4 баравар кўп.